Термизда Ўзбекистон–Афғонистон енгил саноат маҳсулотлари кўргазмасининг биринчи куни ўтказилди
2026-09-15 14:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга қаратилган амалий мулоқотлар Термиз шаҳрида давом этмоқда.
Бугун “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Ўзбекистон–Афғонистон енгил саноат маҳсулотлари кўргазмасининг биринчи кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистондан 90 дан ортиқ, Афғонистондан эса 60 дан зиёд компания вакиллари иштирок этиб, тўқимачилик, трикотаж, тайёр кийим-кечак, чарм-пойабзал, гилам ва бошқа енгил саноат маҳсулотларини намойиш этди.
Кўргазма доирасида тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлар, бизнес-мулоқотлар ва икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Уларда янги савдо шерикларини топиш, экспорт шартномаларини тузиш, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш ҳамда мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Афғонистон бозорига чиқиш, янги харидорлар билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида янги имкониятлар яратилмоқда.
Термизда ташкил этилган мазкур кўргазма Ўзбекистон–Афғонистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини амалий мазмун билан бойитиб, икки давлат тадбиркорлари ўртасида янги бизнес алоқаларини шакллантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.









