Беларусдан Сурхондарёга сифатли мол гўшти етказиб бериш йўлга қўйилмоқда
2026-09-10 21:00:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегациянинг Беларусь Республикасига сафари давом этмоқда.
Сафар дастури доирасида вилоят ҳокимининг Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири билан учрашувида Сурхондарёга сифатли мол гўшти етказиб бериш ҳамда чорвачилик соҳасида замонавий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилган эди.
Мазкур келишувлар доирасида сурхондарёлик тадбиркорлар томонидан чорвачилик йўналишида фаолият юритувчи 4 та корхона ташкил этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди.
Куни кеча ушбу келишувлар доирасида воҳамиз тадбиркорлари Минск вилоятидаги чорвачилик мажмуаларидан бирида бўлиб, қорамолларни сўйиш, гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш, экспортга тайёрлаш, сақлаш ва логистика жараёнлари билан батафсил танишдилар.
Шунингдек, маҳсулотларни жўнатиш жараёни, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳамда сифат назорати тизими ўрганилди.
Келгусида Сурхондарё вилоятига юқори сифатли, белгиланган ветеринария ва санитария талабларига жавоб берадиган, «Ҳалол» стандартлари асосида тайёрланган мол гўштини етказиб бериш тизими йўлга қўйилади.









