Расмий муносабат
2026-08-14 13:25:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида айрим масъуллар томонидан муаммони амалда ҳал этиш ўрнига, мурожаат «ўрганилмоқда» деган мазмунда маълумот бериш, фуқаролар билан телефон орқали мулоқот қилиш ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида суратга тушиш орқали мурожаат ҳал этилгани ҳақида ҳисобот шакллантирилаётгани юзасидан фикрлар билдирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан билдирилган фикрлар масъул идоралар томонидан белгиланган тартибда ўрганилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқаронинг мурожаати билан ишлаш уни расмий рўйхатга олиш ёки мурожаатчи билан телефон орқали суҳбатлашиш билан чекланмайди. Ҳар бир мурожаатда кўтарилган масала атрофлича ўрганилиб, зарур ҳолларда жойига чиққан ҳолда ҳолатга ҳуқуқий ва амалий баҳо берилиши, муаммони ҳал этиш бўйича аниқ чоралар белгиланиши ва натижаси мурожаатчига етказилиши шарт.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳияти, уни ўрганиш жараёни, белгиланган вазифалар ва якуний натижаси қатъий назоратга олинган. Мурожаатни кўриб чиқишда формал ёндашувга, асоссиз маълумот беришга ёки муаммо ҳал этилмаган ҳолда уни ҳал қилинган сифатида кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мурожаатларнинг ижроси масъул раҳбарлар ва мутасадди ташкилотлар кесимида назорат қилиб борилади. Мурожаатда кўтарилган масала амалда ўз ечимини топгани, бу ҳақда мурожаатчи хабардор қилингани ва қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги асосий мезон сифатида белгиланади.
Фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган ҳар бир муаммо — аввало, инсоннинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ масаладир. Шу боис масъуллардан мурожаатларга қоғозда ёки ҳисобот учун эмас, амалий натижага эришиш мақсадида виждонан ва масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Вилоят ҳокимлиги фуқароларнинг мурожаатларини очиқ ва холис кўриб чиқиш, уларда кўтарилган муаммоларни қонуний ҳал этиш ҳамда ҳар бир мурожаатнинг якуний натижасини назорат қилиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
