Бухоро туроператорлари Сурхондарёнинг туристик салоҳияти билан танишдилар
2026-09-01 10:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарёнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва янги сайёҳлик йўналишларини шакллантириш мақсадида Бухоро вилоятининг етакчи туроператорлари учун Сурхондарё бўйлаб инфотур ташкил этилди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоятнинг тарихий-маданий мерос объектлари, қадимий зиёратгоҳлари, табиий ва экотуризм масканлари, шунингдек, сайёҳлик инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар. Уларга Сурхондарёнинг мавжуд туристик маршрутлари, сайёҳлик имкониятлари ва истиқболли йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Инфотур доирасида Бухоро ва Сурхондарё туроператорлари ўртасида учрашув ҳам ташкил этилиб, унда қўшма турпакетлар ишлаб чиқиш, туристик маҳсулотларни ўзаро тарғиб қилиш ҳамда сайёҳлар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида янги туристик маршрутларни йўлга қўйиш, икки ҳудуд ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва Бухородан Сурхондарёга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Мазкур инфотур ҳудудларнинг туристик имкониятларини ўзаро тарғиб қилиш, туроператорлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ички туризм йўналишларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.






