ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 35 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ У.ҚОСИМОВНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
2026-09-01 08:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум,
Қадрли воҳадошлар,
Азиз меҳмонлар!
Аввало, барчангизни, сизлар орқали Сурхон воҳасида яшаётган уч миллиондан зиёд кўп миллатли халқимизни, шунингдек, Мустақиллик байрамимизни бирга нишонлаш учун ташриф буюрган хорижий меҳмонларимизни, хусусан, Тожикистон Республикасидан келган меҳмонларимизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу йилги шодиёналаримиз «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган эзгу ғоя асосида ўтказилмоқда. Бу шиорда халқимизни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, юртимиз тараққиёти ва фарзандларимиз келажаги учун масъулият билан меҳнат қилишдек улуғ мақсад мужассам.
Бу йилги Мустақиллик байрами биз – сурхондарёликлар учун, айниқса, алоҳида руҳ ва мазмун касб этмоқда.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз иштирокида юртимиз бўйлаб умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 163 та йирик саноат, сервис ва ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.
Ушбу тарихий маросимда воҳамизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида давлатимиз раҳбарига ахборот бериш, Сурхондарё аҳлининг самимий миннатдорлигини етказиш насиб этди.
Ана шу мулоқот чоғида Президентимиз сўнгги икки йилдаги ишларимизни сарҳисоб қилиб, «2025–2026 йиллар Сурхондарё йили бўлди», деб юксак баҳо бердилар.
Давлатимиз раҳбари барча соҳаларда кескин ўзгаришлар бўлаётганини, энг муҳими, одамларнинг онги ва қарашлари ўзгараётганини алоҳида таъкидладилар.
Бу — Сурхондарёнинг мард ва танти, меҳнаткаш ва бағрикенг халқига, унинг бунёдкорлик салоҳиятига, юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган инсонларига билдирилган юксак ишонч ва эътирофдир.
Шу қутлуғ айёмда бутун Сурхондарё аҳли номидан муҳтарам Президентимизга воҳамиз тараққиёти, одамларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши ва фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун кўрсатаётган доимий эътибор ва ғамхўрликлари учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Қадрли юртдошлар!
Мустақилликнинг 35 йили – халқимиз учун шунчаки тарихий сана эмас.
Бу – миллий давлатчилигимизни тиклаш ва мустаҳкамлаш, ўз тақдиримизни ўз қўлимиз билан белгилаш, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида босиб ўтилган шарафли йўлдир.
Мана шу йиллар давомида ўз давлатимиз, Конституциямиз, миллий армиямиз ва ўз тараққиёт йўлимизга эга бўлдик.
Тилимиз, динимиз, миллий қадрият ва анъаналаримизга муносиб ҳурмат қайтди.
Буюк аждодларимиз номи ва мероси тикланди. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўз сўзи, ўз ўрни ва ўз нуфузига эга давлатга айланди.
Айниқса, кейинги ўн йилда инсон қадрини улуғлаш, одамларни рози қилиш, халқ билан мулоқот давлат сиёсатининг бош мезонига айланди.
Иқтисодиётимиз ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошди, 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кириб келди, миллионлаб доимий иш ўринлари яратилди.
Янги мактаблар, боғчалар, университетлар, шифохоналар, корхоналар, йўллар ва уй-жойлар барпо этилди. Миллионлаб хонадонларга тоза ичимлик суви кириб борди.
Азиз дўстлар!
Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар кучайиб, миллионлаб инсонлар тинчлик ва осойишталикка зор бўлиб яшаётган бугунги мураккаб даврда Ватанимиздаги тинчликнинг, олиб борилаётган ислоҳотларнинг қадрини янада теран ҳис этишимиз керак.
Бугун фарзандларимиз тинч осмон остида мактабга бормоқда.
Ёшларимиз ўзи хоҳлаган жойда ўқияпти, касб ўрганяпти, орзуларини амалга оширяпти.
Одамларимиз тадбиркорлик қилмоқда, уй қурмоқда, тўй қилмоқда, фарзандларининг камолини кўрмоқда.
Мана шу оддий кўринган, аммо дунёдаги энг катта неъмат бўлган тинч ва осуда ҳаётимиз учун ҳар қанча шукрона айтсак арзийди.
Ҳурматли воҳадошлар!
Мустақиллик йилларида, айниқса, Янги Ўзбекистон тараққиётининг сўнгги босқичида Сурхондарё улкан ўзгаришлар майдонига айланди.
Вилоятимизнинг ташқи савдо айланмаси 3,5 баробарга ошди. Охирги 10 йилда экспорт географияси 12 та давлатдан 34 та хорижий давлат бозорига кенгайди.
7,5 мингта янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилиб, 3,1 миллион квадрат метр тижорат майдони барпо этилди. Аҳолининг реал даромадлари 4 баробарга ошди.
Иқтисодиёт таркибида саноат ва қурилишда банд бўлганлар улуши 23 фоизга, хизматлар соҳасида эса 42 фоизга етди.
Камбағаллик даражаси 4,9 фоизга, ишсизлик 4,6 фоизга тушди. Термиз шаҳри, Ангор, Қизириқ, Жарқўрғон, Узун ва Шўрчи туманларида бу кўрсаткичлар табиий даражага яқинлашди. 122 та маҳалла «ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд»га айланди.
Жорий йилнинг ўзида 28 та маҳаллада «Янги Ўзбекистон» қиёфасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда, 114 та оғир тоифадаги маҳаллада аҳоли учун шароитлар тубдан яхшиланмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Таълим соҳасида мустақиллик йилларида вилоятимизда 30 дан зиёд янги мактаб қурилди, 590 та мактаб реконструкция қилиниб, қўшимча 150 минг ўқувчи ўрни яратилди.
Мактабгача таълим қамрови 10 фоиздан 75 фоизга етказилди. Вилоятимизда 5 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди, олий таълимга қамров 40 фоиздан ортди.
Мустақиллик байрами арафасида 51 та мактаб, 25 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 60 та маҳаллада инфратузилма объектларининг фойдаланишга топширилаётгани бунёдкорлик ишларининг яна бир амалий натижаси десак бўлади.
Тиббиёт соҳасида 2,1 минг ўринга мўлжалланган шифохоналар барпо этилди, замонавий тиббий муассасалар ташкил қилинди.
Бугун вилоятимизнинг ўзида жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш, очиқ юрак жарроҳлиги каби мураккаб операцияларни амалга ошириш имконияти яратилди.
Аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида минглаб хонадонли кўп қаватли уйлар қурилди. Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида «Янги Ўзбекистон» массивлари қад ростлади.
Сўнгги йилларда минглаб километр ички йўллар қурилди ва таъмирланди.
Бойсун ва Деновни боғловчи 111 километр йўлни цемент-бетон қопламага ўтказиш, юртимизни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километр магистрални капитал таъмирлаш ишлари янги иқтисодий имкониятларни очмоқда.
«Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» темир йўлини тезюрар поездлар ҳаракатига мослаш, «Қумқўрғон – Қудуқли» участкасини электрлаштириш, Термиздан Истанбул ва Дубайга янги авиақатновлар ташкил этиш вилоятимизнинг транспорт ва логистика салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади.
Сурхондарё учун ичимлик суви масаласи йиллар давомида энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган.
«Тўпаланг» сув омборидан фойдаланиш бўйича 287 миллион долларлик мегалойиҳа натижасида марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 47 фоиздан қарийб 68 фоизга етди. Термиз шаҳри ва туманларда юз минглаб аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Президентимиз бу ишларни сиёсий ирода билан амалга оширганимизни, унинг натижаси йиллар ўтса ҳам одамлар саломатлигида сезилишини алоҳида таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам, бу рақам ортида минглаб хонадонларга кириб борган тоза сув, оналаримизнинг енгиллашган юмуши, болаларимизнинг саломатлиги ва бутун бир авлоднинг ҳаёт сифати турибди.
Йил якунигача Музработда 56 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказиш, Музработ, Олтинсой, Ангор, Қизириқ ва Бойсун марказларида канализация тармоқларини барпо этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилади.
Азиз воҳадошлар!
Тадбиркорлик ва инвестиция соҳасидаги натижалар ҳам Сурхондарёнинг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб бораётганини кўрсатмоқда. Вилоятимизда тадбиркорлар сони 31 мингдан ошди. Сўнгги 10 йилда уларнинг сони 2,7 баробарга кўпайди. Уларнинг 11 мингдан ортиғини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Куни кеча Термиз шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистон–Хитой» инвестиция форуми ҳам вилоятимизнинг халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Форумда Хитойнинг 120 дан ортиқ компаниясидан 350 нафардан зиёд вакил, шунингдек, 46 та Афғонистон компаниясининг 100 нафардан ортиқ вакили иштирок этди. Натижада умумий қиймати 6,3 миллиард доллар бўлган 63 та дастлабки инвестиция келишувига эришилди.
Жорий йил якунига қадар вилоятда 3 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб, 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз.
Бу — янги иш ўринлари, янги корхоналар ва, энг муҳими, одамларимиз учун янги имкониятлар деганидир.
Масалан, Испаниянинг Альмерия тажрибаси асосида минг гектарда қуёшда иситиладиган иссиқхоналар ташкил этилиши минглаб оилалар даромадини оширади, бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлайди ва экспорт имкониятларини кенгайтиради.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Сурхондарё – Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси.
Термиз халқаро савдо маркази қисқа вақтда юз минглаб хорижий харидорларни қабул қилиб, савдо ва хизматлар учун янги майдонга айланди. Марказ ҳудудини минг гектарга етказиш, бу ердаги савдо ва хизматларни экспорт сифатида баҳолаш бўйича яратилган имкониятлар воҳамизни Афғонистон ва Жанубий Осиё бозорларига чиқишнинг муҳим марказига айлантиради.
Шу боис биз Сурхондарёни фақат чегара ҳудуди эмас, халқларни боғлайдиган дўстлик кўприги, савдо, логистика ва маданий мулоқот маркази сифатида ривожлантирамиз.
Туризмда йилига 1 миллиард долларлик хизматлар бозорини шакллантириш, Япония, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Таиланд ва бошқа мамлакатлардан юз минглаб сайёҳларни жалб қилишни мақсад қилиб олганмиз.
Қадрли юртдошлар!
Биз эришилган натижалар билан чекланиб қолишга ҳаққимиз йўқ.
Муҳтарам Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган ҳали катта вазифалар, юксак марралар турибди:
Биз камбағаллик ва ишсизлик минимал даражага тушган, ҳар бир инсон ўз меҳнати билан муносиб даромад топадиган, хомашёни чуқур қайта ишлайдиган, экспортбоп маҳсулоти ва кучли тадбиркорлари билан танилган Сурхондарёни қурмоқчимиз.
Биз Афғонистон ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш дарвозаси, Марказий Осиёнинг муҳим савдо ва логистика марказларидан бири бўлган, ҳар бир хонадон тоза сув, сифатли йўл, барқарор энергия ва замонавий хизматлардан баҳраманд бўладиган Сурхондарёни барпо этмоқчимиз.
Биз мактаблари билим ва тарбия масканига, шифохоналари инсонга умид берадиган даргоҳга, маҳаллалари аҳиллик ва ташаббус марказига айланган, ёшлари яхши таълим олиб, ўз вилоятида муносиб иш топадиган, иқтидорини рўёбга чиқарадиган, орзуси ушаладиган Сурхондарёни қурмоқчимиз.
Бу орзулар қоғоздаги режа эмас.
Бу – ҳар биримиздан ташаббус, интизом, ҳалоллик ва фидойилик талаб қиладиган умумхалқ ҳаракатидир.
Ҳар бир раҳбар одамларни эшитса, ҳар бир тадбиркор янги иш ўрни яратса, ҳар бир устоз болага сидқидилдан таълим берса, ҳар бир ёш билим ва касб эгалласа, ҳар бир оила маҳалла ободлигига ҳисса қўшса – бу мақсадларга албатта етамиз.
Чунки Сурхондарёнинг энг катта бойлиги — унинг табиий захиралари эмас, балки мард, ориятли, меҳнаткаш ва бунёдкор халқидир.
Азиз ва муҳтарам воҳадошлар!
Биз 35 йиллик тарихимиз билан фахрланамиз.
Аммо энг буюк ютуқларимиз ҳали олдинда.
Чунки бугунги Сурхондарё – кечаги орзуларимизнинг рўёби бўлса, эртанги Сурхондарё – бугунги меҳнатимиз, бирлигимиз ва жасоратимизнинг меваси бўлади.
Келинг, бир тану бир жон бўлиб, мана шу ишончни оқлайлик!
Келинг, тинчлик ва аҳиллигимизни кўз қорачиғидек асрайлик!
Келинг, ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаётида янги тараққиёт саҳифасини очайлик!
Шу улуғ айёмда барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака, тинчлик ва хотиржамлик тилайман.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!
Янги Ўзбекистон билан бирга янги Сурхондарёни барпо этайлик!
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!
