Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Сариосиёда янги подстанция ишга туширилди
2026-08-26 20:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида аҳоли учун муҳим бўлган йирик инфратузилма лойиҳалари изчил амалга оширилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Навбатдаги ана шундай лойиҳалардан бири — Сариосиё туманида янги йирик подстанциянинг фойдаланишга топширилиши бўлди.
Умумий қуввати 50 МВА бўлган мазкур подстанция ҳар бири 25 МВА қувватга эга 2 та трансформатор ҳамда 6,2 километр электр тармоғидан иборат.
Лойиҳанинг умумий қиймати 48,2 миллиард сўмни ташкил этиб, янги подстанция «Янги Ўзбекистон» массиви ва унга туташ маҳаллаларнинг электр таъминотини яхшилашга хизмат қилади.
Объектнинг ишга туширилиши натижасида массивдаги 3 746 та хонадон, шунингдек, туман марказидаги 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи жами 10 мингта хонадонни барқарор электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилди.
Янги энергетика объектининг фойдаланишга топширилиши ҳудудда электр таъминоти барқарорлигини ошириш, янги турар жой массиви инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.



