Қатар компаниялари билан замонавий иссиқхона лойиҳалари муҳокама қилинди
2026-08-28 20:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қатарнинг «Horizon Doha» ва «Plantation for Agricultural Consultancy» компаниялари бош ижро этувчи директори, доктор Рашид Ал-Кувари бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида Сурхондарё вилоятида замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш, сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини берувчи гидропоника технологияларини жорий этиш, шунингдек, иссиқхона конструкциялари ҳамда технологик ускуналарни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, «Сурхон-Agro» агрокластери ҳудудида хорижий инвестициялар ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ҳамда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қатарлик инвесторлар маҳаллий шароит ва фермер хўжаликлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда замонавий иссиқхона ечимларини жорий этиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида истиқболли лойиҳаларни чуқур ўрганиш, уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф доирасида делегация вилоятдаги йирик иссиқхона мажмуалари фаолияти билан танишиб, маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот қилди.

