Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига туҳфа: Бандихонда 3 минг гектар майдонни оборотга киритиш имконини берувчи насос станцияси ишга туширилди
2026-08-22 11:00:00 / Янгиликлар

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Бандихон туманида қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ошириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган йирик лойиҳа ишга туширилди.
Туманнинг “Лимонзор” маҳалласида умумий қиймати 29,5 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Шеробод магистрал каналидан сув чиқарилиб, 3 минг гектардан ортиқ яйлов ерларни қишлоқ хўжалиги оборотига киритиш имконияти яратилди.
Бунинг учун 2 та замонавий насос агрегати ўрнатилиб, 2,3 километр узунликдаги, диаметри 1200 миллиметр бўлган босимли қувур тортилди. Шунингдек, 6,8 километр янги канал ва 5 километр ички суғориш тармоқлари барпо этилди. Сониясига 1,5 куб метр сув ўтказиш қувватига эга суғориш тизими ишга туширилди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш ва йилига 3 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа Бандихон туманининг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини кенгайтириш, фойдаланилмаётган ерларни иқтисодий оборотга киритиш ва аҳоли учун янги даромад манбаларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.









