Ёшлар билан мулоқот: муаммолар ўрганилиб, амалий вазифалар белгиланди
2026-08-04 16:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларга манзилли ечим топиш мақсадида ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Термиз ва Жарқўрғон туманларида бўлиб, ёшлар ҳамда аҳоли билан учрашувлар ўтказди.
▪️ Термиз туманининг "Қаҳрамон" маҳалласида 153-сонли қарор асосида ер майдони олган ва такрорий экин экиш орқали даромад топишни мақсад қилган 35 нафар ёшнинг фаолияти ўрганилди.
▪️ Шунингдек, тажрибали деҳқон Бобоёр Холбоевнинг иссиқхоначилик, кўчатчилик ва гулчилик йўналишларидаги фаолияти билан танишилди. Унинг тажрибасини маҳалладаги ёшлар ўртасида кенг жорий этиш, уларни ушбу йўналишларда ўқитиш ҳамда доимий бандлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
▪️ Жарқўрғон туманининг "Маданият" маҳалласида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди.
▪️ Термиз шаҳридаги Санъат саройида 200 нафардан ортиқ ёш иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ёшларни иш билан таъминлаш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш, шунингдек, имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида ёшлар томонидан кўтарилган мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.









