Расмий муносабат
2026-07-21 17:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-209-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-402-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил қилинган.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг 2026 йил 6 июлдаги 105-К-сонли буйруғи билан Алимов Эркин Жўраевич 3 ой синов муддати билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш бўйича иш берувчи ҳамда тегишли қарор қабул қилувчи орган Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ҳисобланади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мазкур лавозим бўйича иш берувчи ҳисобланмайди ҳамда номзодни мустақил равишда тайинлаш ваколатига эга эмас.
Белгиланган тартибга мувофиқ, вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур лавозим учун муқобиллик асосида икки нафар номзод Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасига кўриб чиқиш учун тавсия этилган.
Номзодларни баҳолаш, уларни ўрганиш, танлаш ва якуний қарор қабул қилиш эса Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг мутлоқ ваколати доирасида амалга оширилади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигида, собиқ Музработ тумани ҳокими Э.Ж.Алимовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жазо ўтаётганлиги ва ЖКнинг 45-моддаси қўлланганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.
Вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан жамоатчиликни холис ахборот билан таъминлаш мақсадида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинади.
