Расмий муносабат
2026-07-10 22:25:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган аудиоёзув юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Аудиоёзув мазмунида ходимларни ҳақорат қилиш, уларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш, иш вақтидан ташқари безовта қилиш, ноқонуний топшириқ бериш ёки мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари мавжуд эмас.
Суҳбатда масъул ходим томонидан соат 17:00 да, яъни иш вақти якунланишидан олдин, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт кўчатларини суғориш ва парваришлаш ишларини ташкил этиш учун масъул ходим юбориш сўралган.
Сурхондарёнинг жазирама ёз шароитида янги экилган кўчатларни ўз вақтида суғориш уларнинг сақланиб қолиши ва яхши ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Кўчатларни парваришлаш ишларининг кечиктирилиши эса уларнинг қуриб қолишига олиб келиши мумкин.
Жорий йилда вилоят ҳудудларида 16 миллион 28 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Хусусан, «Каттақум» массивида 721 минг туп, «Қорақир» массивида эса 250 мингдан ортиқ кўчат экилиб, чанг ва қум бўронларига қарши ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилмоқда.
Мазкур кўчатларни экиш учун катта маблағ, меҳнат ва вақт сарфланмоқда. Шу боис уларни асраб қолиш, мунтазам суғориш ва парваришлаш ишларини ўз вақтида ташкил этиш муҳим вазифалардан биридир.
Шу нуқтаи назардан, аудиоёзувдаги суҳбат мазмунини ходимларга нисбатан босим ёки ноқонуний топшириқ сифатида талқин қилиш ҳолатнинг асл мазмун-моҳиятига мос келмайди.
Ҳар бир экилган ниҳолни асраб-авайлаш — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келажак авлод учун соғлом муҳит яратишга қаратилган муҳим вазифадир.
