Президент топшириқлари ижроси: Сурхондарёда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги"га старт берилди
2026-07-17 16:00:00 / Янгиликлар

Кеча Президентимиз раислигида ўтказилган, маҳаллаларда мутлақо янги муҳит яратиш ҳамда "маҳалла еттилиги" фаолиятини янги ёндашувлар асосида ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида юртимиз бўйлаб "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги"ни ўтказиш вазифаси белгиланган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида ойлик доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш, ички йўллар, ичимлик суви, электр таъминоти, ирригация тармоқлари ҳамда бошқа муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, санитария ҳолатини мустаҳкамлаш ва аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Президентнинг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижроси доирасида маҳаллаларда "Хавфсиз ҳудуд" тамойилини самарали жорий этишда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Хусусан, кечаги видеоселектор йиғилишида Президентимизга ўз маҳалласида йўлга қўйилган тизимли ишлар юзасидан ҳисобот берган Термиз шаҳрининг "Гулистон" маҳалласи профилактика инспектори Одил Жабборов Президент топшириғига мувофиқ, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан рағбатлантириш мақсадида капитан махсус унвонига сазовор бўлди. Мазкур махсус унвон йиғилиш давомида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан тантанали равишда топширилди.
Муҳокамалар давомида видеоконференсалоқа орқали шаҳар ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқ раҳбарлари, маҳалла "еттилиги" аъзолари ҳамда масъул ташкилотлар масъулларининг ҳисоботлари эшитилди. Фаоллар ва фахрийларнинг таклифлари асосида ҳар бир маҳаллада ободонлаштириш ишларини юқори савияда ташкил этиш, ҳар бир кўча ва ҳар бир хонадонга ободлик муҳитини олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрамини муносиб кутиб олиш юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилди.








