Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот: муаммолар тингланди, амалий ечимлар белгиланди
2026-07-17 14:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 16-июль куни Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Абдуманноп Буриев ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Шерали Жўраев иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.
Очиқ мулоқотда вилоятнинг 100 нафардан ортиқ тадбиркори иштирок этиб, хорижий инвесторларни жалб қилиш, виза расмийлаштириш, банк ва солиқ масалалари, электр энергияси ҳамда табиий газ таъминоти, тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонлари ажратиш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ўз мурожаат ва таклифларини билдирдилар.
Тадбир давомида ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Натижада 35 дан ортиқ тадбиркорлик субъектининг туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган мурожаатлари шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганиш, ҳуқуқий хулоса ва ташкилий чораларни талаб этувчи мурожаатлар эса белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идораларга ижрога йўналтирилди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва доимий назорат ўрнатилди.
Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳудудда янада қулай инвестиция ва бизнес муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.








