Сурхондарё ва Могилёв вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-09 08:00:00 / Янгиликлар

Минск шаҳрида ўтказилаётган Ўзбекистон–Беларус ҳудудларининг ИИИ форуми доирасида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъуллари ҳамда ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Беларус Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Могилёв вилояти ижроия қўмитаси Иқтисодиёт қўмитаси раиси ўринбосари Олга Авсиевич ҳамда инвестиция ва инновацион фаолият бошқармаси бошлиғи Мария Якубовская билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Сурхондарё ва Могилёв вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва қайта ишлаш тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятлар юзасидан фикр алмашди.
Амалий ташриф давомида делегация аъзолари Герефорд зотли йирик шохли қорамолларни етиштиришга ихтисослашган "Могилёв давлат наслчилик корхонаси" республика унитар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш корхонаси, мева-сабзавотчилик соҳасида фаолият юритаётган "АРНИКА-Агро" МЧЖ ҳамда сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Бабушкина крынка" ОАЖ фаолияти билан танишди. Учрашувлар чоғида замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, қўшимча қиймат занжирини шакллантириш, маҳсулот сифатини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Мазкур амалий ташриф икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда агросаноат мажмуасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратиши кутилмоқда. Бу эса Ўзбекистон ва Беларус ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.








