Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси муҳокама қилинди
2026-07-02 16:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 2 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Термиз шаҳрида бўлиб ўтган сайёр мажлисида Сурхондарё вилояти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида ўтказилган мажлисда Сенат ишчи гуруҳининг парламент назорати доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар вилоятда бажарилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Мажлисда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Абдураим Чориев, марказий ва ҳудудий студиялар орқали депутатлар, ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Вилоятда жорий йилнинг И чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 13,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 9,1 фоизга етди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми 4,4 млн сўмни ташкил этди. Иқтисодиёт тармоқларида ижобий динамика кузатилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,7 фоизга, бозор хизматлари 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги 9,7 фоизга, қурилиш ишлари эса 10 фоизга ўсди.









