"Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради" — Термиз шаҳри воҳа ёшларини фестивалда жамлади
2026-06-13 10:00:00 / Янгиликлар

30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб "Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради" шиори остида "Ёшлар ташаббуслари марафони" ҳамда гала-концерт дастурлари юқори савияда ташкил этилмоқда. Фестивалнинг навбатдаги манзили Термиз шаҳри бўлди.
Тадбир доирасида ёшларнинг билим ва салоҳияти, ижодий иқтидори ҳамда ташаббусларини намоён этишга қаратилган кўргазмалар, интерактив майдонлар, спорт мусобақалари, маданий-маърифий лойиҳалар ва кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
Фестивалнинг гала-концерт дастури очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаев иштирок этиб, воҳа ёшларини байрам билан самимий табриклади.
Кун давомида ўтказилган кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари ғолиблари, турли соҳаларда юқори натижаларга эришган фаол ёшлар тақдирланди. Уларга қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари ва махсус ваучерлар топширилди.
Гала-концерт дастурида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар ҳамда иқтидорли ёш ижодкорлар иштирок этиб, ўз чиқишлари билан тадбирга йиғилган воҳамиз ёшларига кўтаринки кайфият улашди.
"Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради" шиори остидаги "Ёшлар ташаббуслари марафони" юртимиз бўйлаб давом этмоқда.









