Сурхондарё ва Хатлон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-06-06 15:40:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 4–5-июн кунлари Тожикистон Республикасининг Хатлон вилояти Муъминобод туманидаги “Чилдухтарон” тарихий-мажмуасида “Хатлон — сивилизациялар ва саёҳатлар диёри” халқаро туризм форуми ва кўргазмаси бўлиб ўтди.
Нуфузли тадбирда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг туризм соҳаси вакиллари ҳам иштирок этиб, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида туризм алоқаларини ривожлантириш, янги туристик йўналишларни шакллантириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Форум доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар якунида Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасида сайёҳлар алмашинувини кенгайтиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, икки ҳудуд ўртасида ҳар йили 150 минг нафаргача туристлар алмашинувини таъминлаш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.


