"Сангардак" туризм марказида янги обектлар фойдаланишга топширилди
2026-06-01 19:00:00 / Янгиликлар

Бугун 1-июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Сариосиё туманидаги "Сангардак" туризм марказида маданий-кўнгилочар байрам тадбири ҳамда янги туризм ва оилавий дам олиш масканларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида замонавий туристик инфратузилмани кенгайтиришга қаратилган бир қатор обектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, зиплайн аттрациони, кўл бўйлаб қайиқ сайри хизмати, тоғ ҳалинчаги, замонавий дам олиш уйлари, шале уйлари ҳамда "Уз Бур" ресторани иш бошлади.
Байрам тадбири давомида болажонлар учун консерт дастурлари, қизиқарли саҳна чиқишлари ва турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, болаларга байрам совғалари улашилиб, уларнинг қувончига шерик бўлинди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳалар ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ошириш, аҳоли ва меҳмонлар учун замонавий ҳамда қулай дам олиш шароитларини яратишга хизмат қилади.
Маълумот учун, ушбу обектлар 615 гектар майдонда барпо этилаётган "Сангардак" туризм мажмуаси доирасида амалга оширилмоқда.









