Давлат аудити ва молиявий назорат: устувор вазифалар муҳокама қилинди
2026-04-25 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Сурхондарё вилояти миқёсида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган онлайн семинар ташкил этилди.
Семинарда Президентимизнинг 2025-йил 18-декабрдаги ПФ–252-сон Фармони мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалий масалалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида буджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, давлат харидлари ҳамда инвестиция лойиҳалари устидан назоратни кучайтириш, қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чораларни тизимли йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, инфратузилма обектларини амалга оширишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, молиявий хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш ҳамда уларни таҳлил қилиш механизмларини амалиётга жорий этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Бундай семинарлар ҳудудларда молиявий интизомни мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, шунингдек, давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


