Коррупсияга қарши курашиш — устувор вазифа
2026-04-16 16:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида Коррупсияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишга ҳудудий Кенгаш раиси А.Чориев раҳбарлик қилди. Унда Кенгаш аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссияси аъзолари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда коррупсияни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят прокурори Б. Бабаджановнинг ахбороти тингланди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳалари масъулларининг ҳисоботлари атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида айниқса соғлиқни сақлаш тизимида коррупсиявий ҳолатлар кўпайгани танқидий кўриб чиқилиб, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида барча соҳаларда коррупсиянинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда масъулларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.





