Термиз туманида вазифалар ижроси ва лойиҳалар тақдимоти ўрганилди
2026-04-08 23:00:00 / Янгиликлар

“Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида Термиз туманида қўшимча танлаб олинган бешта маҳаллада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан жойида танишди. Ташриф давомида тадбиркорлик ва инфратузилма йўналишларида ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тақдим этилган айрим лойиҳаларнинг пухта ишланмагани, масъуллар томонидан юзаки ёндашилгани кескин танқид қилинди. Шу муносабат билан бешта маҳалла ва уларни ўзаро боғловчи ҳудудларда ташкил этиладиган тадбиркорлик объектлари бўйича лойиҳаларни илмий асосда, замонавий ёндашувлар асосида қайта ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Фаёзтепа ва Қоратепа ёдгорлик мажмуаларига олиб борувчи йўллар, ҳудуд ва унинг атрофини ободонлаштириш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган лойиҳалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Президентимиз топшириқлари ижроси доирасида Фаёзтепа мажмуасига олиб борувчи йўлни замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш, кириш қисмига стелла ўрнатиш ҳамда ҳудуддаги бўш ер майдонларида саноатлашган боғлар ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
