Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг “Маҳалла тизими ходимлари куни”га бағишланган тадбирдаги НУТҚИ
2026-03-24 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли маҳалла фидоийлари, азиз соҳа фахрийлари!
Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда маҳалла тизимида фидокорона меҳнат қилаётган барчани Маҳалла тизими ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Шунингдек,муқаддас Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр ҳамда Наврўзи олам муносабати билан чин қалбимдан табриклайман
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Сўнгги кунларда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва янгиланиш жараёнларига гувоҳ бўлаётган ҳар бир фуқаро қалбида чексиз қувонч ва миннатдорлик туйғулари жўш урмоқда. Нафақат мамлакатимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётган пойтахтимизда барпо этилган муҳташам Ислом Цивилизацияси Марказининг фойдаланишга топширилиши, шунингдек, Самарқанд шаҳрида буюк муҳаддис аллома Имом Бухорий ҳазратларининг муқаддас мақбарасида амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари халқимизнинг миллий қадриятларга бўлган юксак эҳтиромининг ёрқин ифодасига айланди.
Бу каби улкан бунёдкорлик ишлари юртимизнинг нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам янги босқичга кўтарилаётганини яққол намоён этмоқда.
Азиз дўстлар!
Улуғ айём арафасида Президентимизнинг тегишли Фармони билан мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, маҳалланинг Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш орқали инсон қадрини улуғлаш, маҳаллабай ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш каби вазифаларни сидқи-дилдан бажариб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирландилар.
Шу жумладан:
- Ангор туманидаги «Тўлқин» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рахмонов Эркин Холлиевич - «Дўстлик» ордени билан;
- Жарқўрғон туманидаги «Young Adults» ўқув маркази директори Абдуллаев Йигитали Сайдулло ўғли - «Келажак бунёдкори» медали билан;
- Сурхондарё вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Касимова Хасият Улуковна - «Шуҳрат» медалига сазовар бўлди.
Фурсатдан фойдаланиб, улуғ айём арафасида юксак унвон, орден ва медаль билан тақдирланган барча юртдошларимизни чин юракдан муборакбод этамиз!
Қадрли маҳалла фидоийлари,
Ўтган йили вилоятимиз маҳалла тизимида эърофга сазовор бўлган ютуқлардан яна бири — “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловининг республика босқичида “Обод кўча” номинацияси бўйича Узун тумани “Янги рўзғор” маҳалласи Шокиржон Раҳимов кўча бошиси Рахимов Ўткир Шокиржонович 1-ўрин соҳиби бўлди.
Шунингдек, “Обод хонадон” номинациясида Термиз тумани “Қахрамон” маҳалласида яшовчи хонадон эгаси Халбаев Бабаёр Маматович республика босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — автомобил билан тақдирланди.
Бу ютуқ билан ҳам барча воҳадошларимизни табриклайман.
Азиз тадбир иштирокчилари!
Куни кеча ҳурматли Президентимиз Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимда оила ва жамиятда тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, ўзаро меҳр-оқибатни юксалтириш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, эзгулик ва адолатни қарор топтиришда “маҳалла еттилиги” ҳамда фаол фуқароларимизнинг ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Сўнгги йилларда халқимизнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида маҳалла тизимини такомиллаштиришда мамлакатимизда мустаҳкам база яратилди. Бунинг натижасида маҳалла раислари ва фаоллар тўй ва маракаларда қатнашадиган шахслардан аҳоли муаммоларини ҳал эта оладиган ваколатли инсонларга айланди.
2025 йилда “Маҳалла жамғармаси”га қарийб 54 млрд сўм маблағ туширилиб, ушбу маблағ маҳаллалар ободлиги ва халқ фаровонлиги учун сарфлангани бу фикримизни тасдиғи бўла олади.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида сўнгги икки йилда намунавий лойиҳалар асосида 115 та янги бино қуриб берилди.
Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари!
Муҳтарам Президентимиз томонидан Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида катта дастур ва режалар белгилаб берилди. Барча ҳудудларимизга, қишлоқ ва маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича катта ҳаракат бошланди.
Биргина вилоятимизга муҳтарам Президентимизнинг ўтган ойдаги ташрифларида мазкур йўналишда ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш учун 15 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Бу маблағ вилоятимизда иқтисодиёт ва жамият фаолиятини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма тармоқлари — автомобиль йўллари ва магистраллар, темир йўл тармоқлари, ҳаво транспорти, энергия таъминоти, сув ва канализация тизимларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Азиз дўстлар!
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан жорий этилган “Камбағалликдан фаровонлик” сари дастури доирасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилди.
Ўтган 2025 йилда 60 мингдан ортиқ оилани камбағалликдан чиқариб, воҳанинг камбағаллик даражаси 4,5 фоизга туширилди. Бу йил эса 67 минг янги иш ўрни яратиш ва 20 минг оилани камбағалликдан чиқариб, камбағаллик даражасини 2,8 фоизга тушириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ушбу дастурни амалга ошириш ва маҳаллаларни камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантиришда Сизларнинг ташаббускорлигингиз алоҳида аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бу борада ҳам фидойилик кўрсатиб, воҳамизда бу жабҳадаги ишларни биргаликда намунали амалга оширамиз.
Ҳурматли маҳалла фидойилари!
Маҳалла еттилиги ташаббускор бўлиб, давлатимиз яратиб бераётган имкониятлардан тўғри фойдаланса, маҳаллалар жаноятчиликдан ҳам, камбағалликдан ҳам холи ҳудудга айланади. Бу борада намуна кўрсатаётган маҳалла фаолларимиз алоҳида эътирофга муносиб.
Шу билан бирга, фаолиятида туб бурилиш ясаши зарур бўлган тизим ходимларимиз ҳам мавжуд. Ўйлайманки, бугундан бошлаб улар ҳам ўз ишларини намунали ташкил этадилар.
Яна бир муҳим масала — Ижтимоий ҳимоя тизимини маҳалла даражасида самарали йўлга қўйиш учун ҳам янги ва яхши ташаббусларни кутиб қоламиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Азиз дўстлар!
Бугунги кескин ва шиддатли глобаллашув даврида юртимизда ўзаро аҳиллик ва тотувлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлашда маҳаллаларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Шундай паллада маҳаллани барча масалаларни ҳал этадиган чинакам халқчил идорага айлантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун бу институтни ҳар томонлама ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари!
Муҳтарам фахрийларимиз!
Ишончим комилки, ҳурматли Президентимизнинг кечаги мурожаатларига лаббай деб, кўчат экиб, маҳаллаларимизни обод қилиб, яхши қўшничилик, аҳиллигимиз ва эзгу ишларимиз билан юксак марраларга интилаётган халқ эканимизни дунёга намоён этамиз.
Халқ ишончини оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф ҳаммангизга насиб этсин!
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор муборакбод этар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файз-у барака, масъулиятли фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
