Сурхондарёда маҳалла тизими ходимлари шарафланди
2026-03-22 23:00:00 / Янгиликлар

Маҳалла институтининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базасини ривожлантириш ҳамда кадрлар салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар доирасида мамлакатимизда 22-март — "Маҳалла тизими ходимлари куни" этиб белгиланган.
Мазкур сана муносабати билан бугун Шўрчи туманида вилоятда маҳалла тизимида фидокорона меҳнат қилаётган илғор ходимлар иштирокида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, соҳа ходимларини касб байрами билан самимий табриклади ҳамда уларнинг жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги хизматларини алоҳида эътироф этди.
Тадбир давомида Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ мукофотланган сурхондарёлик 3 нафар маҳалла тизими ходимларига орден ва медаллар топширилди. Шунингдек, маҳаллаларни ободонлаштириш, "маҳалла еттилиги" фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳамда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони, вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир байрамона дастурхон атрофида давом этиб, санъаткорларнинг чиқишлари билан кўтаринкилик касб этди.








