Термиз туманидаги бешта маҳаллада "Тараққиёт ва етакчилик маскани" дастури ижроси ўрганилди
2026-03-07 18:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими ташаббуси билан Термиз туманидаги яна бешта маҳаллада "Тараққиёт ва етакчилик маскани" дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ҳамда аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташрифи давомида мазкур маҳаллаларда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар ҳамда белгиланган вазифалар ижросини жойида ўрганди. Инфратузилмани яхшилаш борасида муайян ишлар қилинганига қарамасдан, қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Хусусан, ўрганишлар давомида аҳолини томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани, айрим хонадонларда ер майдонлари бўш ётгани танқид қилинди. Шунингдек, янги иш ўринлари яратиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, ариқ ва зовурларни тозалаш ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, йўлларни асфалтлаш, ичимлик суви ва электр тармоқларини янгилаш ишлари тўлиқ якунланмагани, трансформатор пунктлари атрофи ўралмагани ва техника хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилгани юзасидан масъулларга қатъий эътироз билдирилди.
Юклатилган вазифаларга суст муносабатда бўлгани, айрим масалаларда ҳаракацизликка йўл қўйгани учун масъулларга қатъий огоҳлантириш берилиб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида фермер хўжаликлари далалари ҳам кўздан кечирилди. Ғалла парвариши, ер майдонларини чигит экишга тайёрлаш, дала четларига кўчат экиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳолати таҳлил қилиниб, бу борада ҳам мавжуд камчиликлар юзасидан масъуллар фаолияти танқид қилинди ва зарур вазифалар белгилаб берилди.








