Ангор туманида "яшил белбоғ" ва туризм кўчаси лойиҳалари ижроси ўрганилди
2026-03-02 17:00:00 / Янгиликлар

Экологик барқарорликни таъминлаш ва чанг-тўзон таъсирини камайтириш мақсадида Ангор туманида 220 гектар майдонда 16 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилган "Яшил белбоғ" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудда бўлиб, кўчатларни парваришлаш, самарали суғориш тизимларини жорий этиш ҳамда майдонларга боғбонларни бириктириш ишлари ҳолатини кўздан кечирди. Экилган ҳар бир кўчатнинг сақланиши ва ўсиши учун масъулиятни кучайтириш, ишларни тизимли ва сифатли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумида кўчат экиш ишларини пухта ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, мутасаддиларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ташриф доирасида туманнинг Наврўз маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи канал бўйлаб барпо этилаётган, туну-кун фаолият юритишга мўлжалланган туризм кўчаси қурилиши ҳам кўздан кечирилди. Лойиҳалар ижроси юзасидан масъуллар ахборот берди.









