Ангор туманида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ижроси ўрганилди
2026-02-09 20:20:00 / Янгиликлар

Хабар берилганидек, Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда "яшил макон" яратиш вазифалари доирасида Ангор туманида танлаб олинган 220 гектар ер майдонида 16 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, "яшил белбоғ" барпо этилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур лойиҳа ижросини жойида ўрганди. Дарахт экиш ишлари якуний босқичга кирган мазкур ҳудудда масъуллар томонидан кўчатларни парваришлашни самарали ташкил этиш, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ҳамда ҳар бир ажратилган майдонга аниқ масъулларни бириктириш ишлари бўйича ахборотлар тақдим этилди.
Шунингдек, туманнинг Қорақир маҳалласида маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлининг икки томони бўйлаб жойлашган адирлик ҳудуддаги 100 гектар майдонда иқлим ва тупроқ шароитларига мос бўлган беш турдаги манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.
Мазкур лойиҳа ҳам "яшил белбоғ" вазифасини бажаришга қаратилган бўлиб, кучли шамоллар таъсирида чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олишга хизмат қилади.









