Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудлари аҳолисига озиқ-овқат ва зарурий ёрдамлар етказилди
2026-02-01 22:10:00 / Янгиликлар

Кейинги кунларда кузатилган совуқ об-ҳаво ва қор бўронлари сабаб Сурхондарё вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг туман марказлари ва бозорларга чиқиши қийинлашди. Натижада кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат ҳамда бошқа маҳсулотларни харид қилишда муайян муаммолар юзага келди. Айрим қишлоқлар аҳолиси ушбу ҳолат бўйича мурожаатлар йўллади.
Мазкур вазиятни инобатга олган ҳолда, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг топшириғига асосан бугун Олтинсой, Бойсун, Узун, Денов, Сариосиё ва Шеробод туманлари ҳокимлари тоғли ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат ва бошқа зарурий маҳсулотларни етказиб берди.
Хусусан, вилоят ҳокими шахсан ўзи Олтинсой туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Катта Вахшивор маҳалласида бўлиб, аҳоли билан самимий мулоқот қилди. Сўфи Оллоёр зиёратгоҳида ўтказилган учрашув давомида аҳолига зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, бошқа туманларда ҳам ҳокимлар томонидан тоғли ҳудуд аҳолиси билан сайёр қабуллар ўтказилиб, туман марказлари ёки бозорларга келиш имкони бўлмаган қишлоқларда кўчма бозорлар ташкил этилди. Аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатилиб, зарур ёрдамларни кўрсатиш, шунингдек, автомобил йўлларини қордан тозалаш ишлари тизимли равишда давом эттирилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, Шеробод тумани Ҳамкон қишлоғи аҳолисининг мактаб масаласидаги мурожаати ҳам жойида ўрганилди. Маълум қилинишича, фойдаланилмаётган эски мактаб биносининг том қисми қулаб тушган бўлиб, айни пайтда янги қурилган мактабда ўқув жараёнлари тўлиқ ташкил этилган. Об-ҳаво илиқлашиши билан эски бинода таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиши юзасидан аҳолига тегишли тушунтиришлар берилди.









