Қумқўрғонда инфратузилма вазифалари ижроси ўрганилди
2026-01-18 15:20:00 / Янгиликлар

Президентимиз қарори билан тасдиқланган "Тараққиёт ва етакчилик маскани" дастури доирасида Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудларида танлаб олинган маҳаллаларда кенг кўламли инфратузилма ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон туманида бўлиб, Янгиер маҳалласида дастур доирасида "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла" консепсияси асосида ишлаб чиқилган инфратузилма лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Мутасаддиларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш топширилди.
Шунингдек, туманда амалга оширилиши режалаштирилган йирик ишлаб чиқариш, саноат ва туризм йўналишидаги драйвер лойиҳалар тақдимот қилинди. Ҳар бир лойиҳа юзасидан тегишли тавсиялар берилиб, янги обектлар қурилишини бошлаш, амалга оширилаётган лойиҳаларда иш суръатини жадаллаштириш вазифалари белгилаб берилди.
Ташриф давомида вилоят раҳбари туман марказида жойлашган хиёбонда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ҳам кўздан кечирди. Аҳоли ҳордиқ чиқарадиган масканда ободонлаштириш ишларининг суст олиб борилаётгани кескин танқид қилинди.
Масъулларга хиёбон ҳудудида аҳоли учун қулай хизматлар, умумий овқатланиш шохобчалари, аттрационлар ва замонавий ҳордиқ масканларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш, уларни давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга ошириш ҳамда инвестиция шартлари орқали тадбиркорларни фаол жалб этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.






