Ангорда инфратузилмани яхшилаш ва "яшил белбоғ" яратиш лойиҳалари ижроси ўрганилди
2025-12-15 21:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини Ангор туманида давом эттириб, Каттақум маҳалласида инфратузилмани яхшилаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси билан танишди. Маҳалла нуронийлари ва фаоллари билан ўтказилган мулоқот давомида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Нуронийлар олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан аҳоли мамнун эканини таъкидлаб, қишлоқ аҳолиси турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдиришди.
Айни пайтда маҳаллада йўллар ва коммунал тармоқлар ҳолатини яхшилаш, аҳолига зарур хизматлар сифатини ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, йўллар янгидан асфалтланиб, кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, шунингдек, саломатлик ва велойўлаклар барпо этилди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари Қорақир маҳалласи ҳудудида, автомобил йўли бўйлаб танлаб олинган 100 гектар адирлик майдонда "яшил белбоғ" яратиш лойиҳаси ижроси билан танишди. Масъуллар билан биргаликда дарахт кўчатлари экилиб, лойиҳани сифатли амалга ошириш, кўчатларни парваришлаш ва суғорилишини таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.






