Музработ туманида чорвачилик лойиҳаси ва агрокомплекс фаолияти ўрганилди
2025-12-09 17:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг Мўғулистон давлатига амалга оширилган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар асосида чорвачиликни ривожлантириш, ушбу давлатдан майда шохли молларни олиб келиш ва кўпайтириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Музработ туманига ташрифининг дастлабки манзилида Мўғулистондан олиб келинган 850 бош наслли қўйларни кўпайтириш лойиҳаси ташаббускорлар ва тижорат банки масъуллари томонидан тақдимот қилинди. Лойиҳа доирасида ишларни сифатли ташкил этиш, наслли қўйларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш, илмий асосда кўпайтириш ва чорвачилик соҳасини кенгайтириш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, Орият маҳалласида Россиянинг “Лето” компанияси таъсисчилигидаги “Блесс С.Р” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 200 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхона, агрологистика маркази ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш фаолияти билан танишилди. Етиштирилган маҳсулотларни йиғиш, қадоқлаш, сақлаш ва экспортга йўналтириш жараёнлари ўрганилди.
Мутасаддиларга қўшма корхона имкониятлари, логистика маркази ва экспорт салохиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ҳудуд аҳолиси томорқаларида экспортбоп экинлар етиштиришни рағбатлантириш ҳамда фуқароларни даромадли маҳсулот етиштиришга ўргатиш вазифалари юкланди.








