Пенсия жамғармасига 2024 йил январь-декабрь ойларида қандай турдаги мурожаатлар келиб тушди?
2025-01-17 10:35:00 / Жамғарма янгиликлари
Ҳукуматимиз томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда асосий эътибор фуқаролар билан бевосита мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли равишда ҳимоя қилишга қаратилмоқда.
Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар томонидан тизимга келиб тушаётган мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилиши доимий равишда назоратга олинган.
Ҳудудлардан олинган маълумотларга асосан 2024 йил давомида жами 12 633 та ёки ўтган йилнинг мос даврига (84 202 та) нисбатан 71 569 тага ёки 85,0 % га камайган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 2 724 таси (21,6%) Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига, 2 293 таси (18,2%) жамғарманинг ҳудудий бошқармаларига, 7 616 таси (60,2%) туман (шаҳар) бўлимларига келиб тушган.
Мурожаатлар келиб тушиш манбаси бўйича 9 393 таси (74,3%) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, 275 таси (2,2%) Бош прокуратура «Ишонч телефони», 82 таси (0,6%) Пенсия жамғармаси «Ишонч телефони», 122 таси (1,0%) Касаба уюшмаси «Ишонч телефони» орқали ҳамда 2 761 та (21,9%) мурожаат бошқа манбалар орқали келиб тушган.
Пенсия жамғармасига йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан мурожаат турларига кўра 10 769 та (85,3%) ариза, 1 799 та (14,2%) шикоят ва 65 та (0,5%) таклифлар келиб тушган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 11 141 та (88,2%) мурожаат бўйича умумий тушунтиришлар берилган, 895 та (7,1%) мурожаат тегишлилиги бўйича ваколатли ташкилотларга юборилган, 597 та (4,7%) мурожаат кўрмасдан қолдирилган.
Келиб тушган мурожаатлар мазмуни жиҳатдан қуйидаги йўналишлар бўйича тавсифланади:
- пенсия миқдорини кўриб чиқиш ва уни ошириб бериш масаласида – 4 679 та (37,0%);
- пенсия тайинлаш масаласида – 3 150 та (24,9 %);
- пенсияларни тўлови масаласида – 1 661 та (13,2%);
- пенсия тайинлашда иш стажини ҳисобга олиш масаласида – 1 099 та (8,7%);
- пенсия тўлови тўхтатилиши ва ортиқча тўловлар масаласида – 480 та (3,8%);
- фуқаролардан келиб тушган таклифлар ва бошқа масалаларда – 1 564 та (12,4%) та.
Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри 1 869 та (14,8%), Қашқадарё вилояти 1 625 та (12,9%) Тошкент вилояти 1 591 та (12,6%)ни ташкил қилган.
Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан фуқароларга пенсияга чиқиш учун мурожаат қилиш тартиби, пенсияларни тайинлаш ва тўлаш муддатлари ва шартлари тўғрисида мунтазам равишда тушунтиришлар ва маълумотлар бериб борилмоқда.
Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати
