Пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди
2023-10-30 17:55:00 / Жамғарма янгиликлари

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Москва шаҳрида Пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциациясига аъзо давлатлар вакилларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари З.Турсунов ва бўлим бошлиғи А.Расулов иштирок этди.
Тадбир давомида Ассоциация аъзолари томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар натижалари сарҳисоб қилинди ҳамда Ассоциациянинг кейинги фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ассоциация фаолиятини таҳлил қилиш, ривожлантириш концепцияларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, Ассоциация раиси ва директорининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ассоциация раиси ва директори сайловлари бўлиб ўтди.
Озарбайжон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий ҳимоя қилиш жамғармаси бошқаруви раиси Гимолай Мамишов Ассоциация раиси ҳамда олдин директор ўринбосари лавозимида бўлган Игор Попов директори этиб сайланди.
Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмат


