Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда томорқа ер масаласи ҳам ўрганилади
2023-10-13 17:00:00 / Жамғарма янгиликлари
Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун оиланинг вояга етган барча меҳнатга лаёқатли аъзосини расмий иш билан банд бўлиши талаб этилади. Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзосидан бири расмий иш билан банд бўлмаса нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади.
Бунда, амалдаги тартиб бўйича оиланинг томорқа ер майдони мавжуд бўлганда ҳар 4 сотих ерга бир оила аъзоси автоматик равишда банд деб белгиланади ҳамда расмий даромад талаб этилмайди.
Маълумот учун: Томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад миқдори сифатида бир сотих ер майдони учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг (980 минг сўмнинг) 0,035 баравари - 34,3 минг сўм норматив даромад ҳисобланди.
Ҳозирда 326 минг дан ортиқ оилаларга айнан оила аъзолари автоматик равишда банд деб белгиланганлиги сабабли нафақалар тайинланган. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу оилаларнинг аъзолари ишга жойлашиш, фаолиятларини якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилиш орқали расмийлаштириш чораларини кўришмаган.
Натижада, амалиётда ўзига тўқ катта ховлига эга бўлган ёки томорқасидан умуман фойдаланмаган оилаларга ҳам нафақа тайинланиши ҳамда аҳоли ўртасида тизимга нисбатан ишонч камайишига сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, 3 фарзандлик оиланинг 8 сотих ер майдони мавжуд ва эр-хотин норасмий даромад олади. Бунда, эр ва хотиндан бандлик талаб этилмайди ва 8 сотих ер учун 274,4 минг сўм норматив даромад ҳисобланади. Норматив даромад оиладаги бир киши (54,8 минг сўм) учун энг кам истеъмол харажатидан кам бўлганлиги сабабли нафақа тайинланади.
Амалдаги тартибга мувофиқ, томорқада банд бўлган фуқаролар иҳтиёрий равишда солиқ органида ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш тартиби мавжуд. Бунда, ўзини-ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтган фуқарога бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари (330 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлаган тақдирда нафақа тайинлашда “банд” сифатида қабул қилинади ҳамда пенсия ҳисоблашда 1 йиллик иш стажига эга бўлади.
Маълумот учун: ўзини-ўзи банд қилган фуқаронинг даромадини аниқлаш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, нафақа тайинлашда унга норматив даромад - бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баробари (1 960 минг сўм) миқорида даромад олган деб ҳисобланади.
