Хусусий ва корпоратив пенсия тизимлари хорижий давлатларда қандай йўлга қўйилган?
2026-09-29 17:05:00 / Жамғарма янгиликлари

Ўзбекистонда ҳам 2027 йил якунига қадар хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш таклиф этилмоқда.
Хўш, бундай тизим бошқа давлатларда қандай ишлайди?
Кўплаб давлатларда фуқаронинг кексаликдаги даромади фақат давлат пенсиясидан иборат эмас. Оддий қилиб айтганда, пенсия бир нечта манбадан шаклланади: давлат пенсияси, иш берувчи томонидан жамғариладиган пенсия ва фуқаронинг ўз шахсий жамғармалари.
Масалан, Швейцарияда иш берувчилар ходимлар учун касбий пенсия тизимида иштирок этади. Бундай пенсия давлат пенсиясига қўшимча бўлади. Шунингдек, фуқаролар ўз хоҳишига кўра шахсий пенсия жамғармаларини ҳам шакллантириши мумкин.
Буюк Британияда эса иш берувчилар ходимларни пенсия жамғармаларига жалб қилиш тизимида иштирок этади. Ходим ва иш берувчи томонидан киритилган маблағлар келажакда қўшимча пенсия даромадини шакллантиришга хизмат қилади.
Нидерландияда ҳам иш берувчилар иштирокидаги касбий пенсия тизими кенг тарқалган. Айрим соҳаларда иш берувчи ва ходимларнинг пенсия тизимида иштирок этиши мажбурий ҳисобланади.
Яъни хориж тажрибасида асосий ғоя шундан иборат: фуқаро пенсияга чиққанда фақат давлат пенсиясига эмас, балки иш берувчи ва шахсий жамғармаларига ҳам таяниши мумкин.
Россия, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистонда хусусий ва корпоратив пенсия жамғармалари аллақачон шаклланган ҳамда улар капитал бозорининг институционал инвесторлари сифатида фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда ташкил этилиши таклиф этилаётган хусусий ва корпоратив пенсия тизимлари ҳам фуқароларнинг келажакдаги пенсия даромадларини қўшимча манбалар ҳисобидан шакллантириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
