Бугунги ҳисса — эртанги ижтимоий ҳимоя
2026-09-22 17:50:00 / Жамғарма янгиликлари

2025 йилда 2,9 млн нафар шахс ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтган. Бироқ уларнинг 860 минг нафари ижтимоий солиқ тўлаган. Бу эса ўзини ўзи банд қилганларнинг пенсия ва ижтимоий суғурта ҳуқуқларини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатади.
Таклиф этилаётган механизмга кўра, йилига 1 БҲМ миқдоридаги ижтимоий солиқни йил давомида бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Тўлов миқдори ҳар уч йилда 1 БҲМга оширилиб, 2033 йилда 3 БҲМга етказилади. Тўловнинг 10 фоизи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилади.
Масалан, йилига 440 минг сўмни бўлиб тўлаш орқали бир йиллик иш стажига эга бўлиш, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ҳомиладорлик ҳамда туғиш нафақаларини олиш ҳуқуқи шаклланади.
Шунингдек, расмий даромадга эга бўлган шахслар ишламайдиган оила аъзолари иш стажига эга бўлишлари учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш имконияти ҳам таклиф қилинмоқда.


