Президент табриги ва совғалари уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийларига етказилди
2025-05-08 / Воқеалар тақвими

Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган улуғ қадриятларимиздан бири – кексаларни эъзозлаш, улуғлаш ва уларга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлишдир. Зеро, улуғ ёшдаги инсонлар ҳар бир оила, маҳалла ва жамиятнинг файзи, баракаси, ҳаёт мактаби ҳисобланади. Шу боис, юртимизда ҳар қандай эътибор ва ҳурматга муносиб бўлган фахрийларимизни қадрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан республикамиз бўйлаб Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва уруш фронтида меҳнат қилган нуроний отахон ва онахонларимизга пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Хусусан,
1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 000 (ўн минг) АҚШ доллари миқдорида;
2. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 000 000 (йигирма беш миллион) сўм миқдорида;
3. 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига 3 000 000 (уч миллион) сўм миқдорида пул мукофотлари ўз эгаларига тақдим этилди.
Шунингдек, тегишли мутасадди вакиллар томонидан фахрийларимизга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам табриги тантанали равишда ўқиб эшиттирилди.
Ушбу хайрли ташаббус нафақат фахрийларимизга ҳурмат-эътибор ифодаси, балки ёш авлод учун ҳам ибрат намунасидир.









