Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби!
2026-07-14 14:30:00 / Жамғарма янгиликлари

Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, аҳолига давлат хизматларини сифатли ва адолатли кўрсатиш, давлат хизматчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда коррупцияга қарши курашиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу борада ҳар бир давлат органи олдига нафақат коррупция ҳолатларини аниқлаш, балки уларнинг юзага келиш эҳтимолини бартараф этиш вазифаси ҳам қўйилган.
Ана шу мақсадда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Сурхондарё вилояти бошқармасида “Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби!” мавзусида кенг қамровли семинар ташкил этилди.
Тадбирда Пенсия жамғармасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбарияти, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳамда тизимнинг барча ходимлари иштирок этди. Семинарга Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Zoom платформаси орқали уланиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд хавф омиллари ва уларни бартараф этиш бўйича муҳим тавсиялар билан иштирокчиларга мурожаат қилди.
Шунингдек, семинарда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг Сурхондарё вилояти бошқармасининг масъул ходими У. Турсунов иштирок этиб, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатлари, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар, уларнинг олдини олишда давлат хизматчиларининг шахсий масъулияти ҳамда амалиётда учраётган ҳолатлар юзасидан атрофлича маълумот берди.
Семинар давомида коррупцияга қарши курашишни фақат назорат чоралари билан чеклаб бўлмаслиги, энг аввало, ҳар бир ходимнинг ҳуқуқий онги, касбий маданияти ва хизмат бурчига содиқлиги ушбу йўналишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Давлат хизматчиси қабул қилаётган ҳар бир қарор ортида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат маблағларининг мақсадли сарфланиши ҳамда жамиятнинг давлат идораларига бўлган ишончи мужассам экани таъкидланди.
Пенсия таъминоти соҳаси ижтимоий ҳимоя тизимининг энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли мазкур соҳада қонун устуворлигига оғишмай амал қилиш, ҳар бир мурожаатни холислик асосида кўриб чиқиш, ҳужжатларни расмийлаштиришда сунъий тўсиқларга йўл қўймаслик ва хизмат вазифаларини шахсий манфаатлардан устун қўйиш давлат хизматчисининг асосий бурчи экани таъкидланди.
Якунда коррупцияга қарши курашиш ҳар бир раҳбар ва ходимнинг кундалик фаолиятининг ажралмас қисмига айланиши лозимлиги, ҳалоллик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилган меҳнат муҳити ҳар қандай коррупциявий кўринишларга қарши энг ишончли қалқон экани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилояти бошқармаси масъуллари томонидан коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик муҳим экани таъкидланиб, мурожаатлар учун ишонч телефонлари – “12-71” ҳамда (76) 223-55-44 рақамлари доимий равишда фаолият юритаётгани эслатиб ўтилди.


