Коррупция – жамият тараққиётига тўсиқ, ҳалоллик эса тараққиёт гарови!
2026-07-14 14:40:00 / Жамғарма янгиликлари

Коррупция бир қарашда алоҳида шахснинг қонунбузарлиги бўлиб кўриниши мумкин. Аслида эса у бутун жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатадиган иллатдир. У иқтисодий ривожланишни секинлаштиради, давлат маблағларининг самарасиз сарфланишига сабаб бўлади, энг ачинарлиси эса адолат тамойилларини издан чиқаради. Натижада ҳалол меҳнат қадрсизланади, қонунга ишонч пасаяди ва жамиятда бефарқлик муҳити шаклланиши мумкин.
Шунинг учун ҳам бугун коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айланган. Бу курашнинг муваффақияти эса нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига, балки ҳар бир давлат хизматчисининг ички эътиқоди, виждони ва касбий масъулиятига ҳам бевосита боғлиқ.
Ана шу мақсадда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда “Коррупция – ҳалокатга етакловчи йўл” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Т. Юсупов ҳамда Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси З. Хамдамов иштирок этиб, коррупцияга қарши давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва ҳуқуқий масъулияти юзасидан атрофлича фикр юритдилар.
Семинарнинг энг муҳим жиҳати шунда бўлдики, унда коррупция фақат жиноят сифатида эмас, балки инсоннинг маънавий танлови сифатида ҳам баҳоланди. Чунки ҳар қандай коррупциявий ҳолат, аввало, инсоннинг виждони билан қонун ўртасидаги танловдан бошланади. Бир қарашда арзимасдек туюлган ноқонуний манфаат ортида юзлаб инсонларнинг ҳаққи, давлатнинг манфаати ва келажак авлодлар тақдири туриши мумкин.
Айниқса, пенсия таъминоти тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим зиммасида алоҳида масъулият мавжуд. Чунки бу тизим орқали инсонларнинг кўп йиллик ҳалол меҳнати эътироф этилади, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади. Демак, бу соҳада қабул қилинадиган ҳар бир қарор нафақат ҳуқуқий, балки юксак инсоний масъулиятни ҳам талаб этади.
Тадбир давомида коррупциянинг олдини олишда профилактика, ички назорат тизимини кучайтириш, хизмат жараёнларини рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, коррупция содир бўлганидан кейин уни аниқлаш муҳим, аммо ундан ҳам муҳимроғи — унинг келиб чиқишига имкон бермайдиган муҳитни шакллантиришдир.
Семинар иштирокчилари коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқий талаб эмас, балки ҳар бир давлат хизматчисининг касбий маданияти, инсоний қадриятлари ва халқ олдидаги масъулиятининг ажралмас қисми экани ҳақида ягона фикрга келдилар.
Зеро, коррупцияга қарши курашиш қонундан эмас, инсоннинг виждонидан бошланади. Виждон устувор бўлган жойда адолат қарор топади, адолат қарор топган жамият эса барқарор тараққиёт ва халқ фаровонлиги сари ишонч билан қадам ташлайди.
Шу ўринда, Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси масъуллари коррупцияга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Пенсия жамғармасининг “1271” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (66) 233-47-50, (66) 231-11-66 рақамли ишонч телефонлари доимий фаолият кўрсатаётганлигини маълум қиламиз.


