Қорақалпоғистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди
2026-07-09 15:55:00 / Жамғарма янгиликлари

|
Қорақалпоғистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикасида Пенсия жамғармаси тизимида коррупциянинг олдини олиш, хизмат фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, раҳбарларнинг шахсий масъулиятини янада оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда тизимда ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ташкил этилди. Унда Пенсия жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбарияти, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳамда Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи иштирок этди. Йиғилишда таъкидланганидек, коррупция давлат бошқарувининг самарадорлигига путур етказадиган, жамиятнинг адолатга бўлган ишончини сусайтирадиган ва давлат хизматининг обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган хавфли иллат ҳисобланади. Шу боис, унинг оқибатлари билан эмас, балки уни келтириб чиқарадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш энг устувор вазифалардан бири саналади. Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи йиғилишда сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, тизимда жорий этилган комплаенс-назорат механизмлари, коррупциявий хавфларни баҳолаш амалиёти ва профилактик чора-тадбирларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маъруза қилди. Шунингдек, ҳар бир раҳбар ўз жамоасида ҳалоллик муҳитини шакллантириши, ходимларнинг хизмат интизомига риоя этиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, фуқаролар мурожаатларини қонуний, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиши ҳамда ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши лозимлиги қайд этилди. Йиғилиш давомида амалий мисоллар асосида коррупциявий хавфларни аниқлаш, ички назоратни кучайтириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва инсон омилини камайтириш орқали коррупция хавфларини пасайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Алоҳида таъкидланганидек, Пенсия жамғармаси томонидан кўрсатиладиган ҳар бир давлат хизмати фуқаролар учун қонунийлик, адолат ва очиқлик тамойиллари асосида ташкил этилиши шарт. Давлат хизматчиси учун ҳалоллик оддий талаб эмас, балки юксак касбий масъулият ва халқ ишончини оқлашнинг муҳим шартидир. Йиғилиш якунида коррупциянинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш, коррупциявий хавфларни мунтазам таҳлил қилиш, ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулиятини кучайтириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлида коррупцияга қарши муросасиз курашиш Пенсия жамғармасининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. Шу билан бирга, Пенсия жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси масъуллари томонидан коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик муҳим экани таъкидланиб, мурожаатлар учун ишонч телефонлари – “12-71” ҳамда (61) 222-54-01 рақамлари доимий равишда фаолият юритаётгани эслатиб ўтилди. |


