Пенсияга чиқишда иш стажи билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги учун нима қилиш керак?
2026-06-03 10:45:00 / Жамғарма янгиликлари
Бугунги кунда баъзи ҳолатларда пенсия ёшига етган фуқароларга пенсия тайинланишида иш стажи маълумотлари етишмаслик (чиқмаслик) ҳолатлари учраб турибди.
Бунга сабаб нима?
Маълумки, бугунги кунда Пенсия жамғармаси фуқароларга пенсия тайинлашда барча маълумотларни тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон шаклда олмоқда.
Шахснинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлса, “иш стажи етишмаслик” ҳолати юз бермайди.
Аксинча, фуқаро ишлаган ташкилот, корхона ва муассасалар қонунчиликка мувофиқ ходимнинг пенсия тайинлаш учун зарур бўлган маълумотларини (меҳнат стажи, иш ҳақи ва бошқалар) my.mehnat.uz тизимига киритмаган тақдирда пенсия тайинлаш вақти келганда “иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар” чиқмаслиги мумкин.
Бундай ҳолатга тушмаслик учун расмий меҳнат фаолияти юритаётган барча фуқароларимиздан иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларга эътиборли бўлган ҳолда, иш берувчиларидан барча маълумотларини my.mehnat.uz тизимига киритиб рақамлаштириб қўйишларини маслаҳат берамиз.
Шунингдек, ишламаётган фуқаролар меҳнат дафтарчаларидаги маълумотлар рақамлаштирилмаган бўлса, яшаш ҳудудларидаги Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига мурожаат қилган ҳолда, меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириб олишлари мумкин.
Mазкур хизмат мутлақо бепул амалга оширилади.
