Коррупция — жамият тараққиётига таҳдид!
2026-05-18 10:25:00 / Жамғарма янгиликлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармаси томонидан “Коррупция – жамият тараққиётига таҳдид” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда бошқарма ходимлари, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари ҳамда барча мутахассислар иштирок этди. Тадбир давомида коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, унинг олдини олиш бўйича давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ҳамда хизмат фаолиятида ҳалоллик ва масъулият тамойилларига риоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбирда Фарғона вилояти прокуратураси бўлим прокурори А.Эргашев, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш депортаменти ходими Р. Усмоновлар таклиф этилди.
Семинарда сўзга чиққанлар томонидан коррупцияга қарши курашишда ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти муҳим экани, фуқаролар билан ишлаш жараёнида очиқлик ва адолат тамойилларига қатъий амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат ваколатларидан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик ҳамда мурожаатлар билан ишлашда шаффоф тизимни йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, тизимда ҳалоллик муҳитини янада кучайтириш ҳамда хизмат вазифаларини виждонан бажариш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу ўринда, Пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармаси масъуллари коррупцияга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Пенсия жамғармасининг “12-71” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (73) 226-35-26 ишонч телефонлари доимий фаолият кўрсатаётганлигини эслатиб ўтади.





