Меҳнат фаолиятини давом эттираётган ногиронлиги бўлган шахслар қандай қилиб пенсия миқдорларини оширишлари мумкин? Бунинг иложи борми?
2026-05-06 17:30:00 / Жамғарма янгиликлари
Қонунчилигимизда ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия миқдорлари ҳар 2 йилда қайта ҳисоблаб берилиши белгилаб қўйилган.
Бунинг учун I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар уларга пенсия тайинланганидан кейин меҳнат фаолиятларини давом эттириб, 1 йил иш стажига эга бўлишлари лозим.
Шундан сўнг, мазкур тоифа шахсларнинг иш стажлари ва иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотлар Пенсия жамғармаси томонидан тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимидан олиниб, автоматик равишда пенсия миқдорлари қайта ҳисобланади.
Ёдда тутиш лозим! Бунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилишлари шарт эмас.
Пенсия миқдори ошган тақдирда, пенсионернинг телефон рақамига бу ҳақида СМС-хабарнома юборилади. Телефон рақами номида бўлмаган пенсионерларга бу ҳақида почта хизмати орқали хабар етказилади.
