Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси вакили Пенсия жамғармасига таништирилди
2026-04-17 12:25:00 / Жамғарма янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида жорий йилнинг 10 апрель куни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига Ҳисоб палатасининг бош инспектори Артиқмурадов Умид Умматқулович бириктирилди ва жамғарма жамоасига таништирилди.
Тадбирда Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Муродбек Атаджанов ва масъул ходимлар, шунингдек, Ҳисоб палатаси вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида жамғарма тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Бунда, жамғарма маблағларидан оқилона ҳамда аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳолда фойдаланиш устувор вазифалар қаторидан ўрин олган.
Шу билан бирга, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ички назорат ва аудит механизмларини янада ривожлантириш, шунингдек, замонавий назорат усулларини амалиётга кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, назорат-таҳлил фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда ахборот алмашинувини самарали ташкил этиш юзасидан ўзаро келишиб олинди.



