Коррупцияга қарши кураш — барчамизнинг бурчимиз!
2026-03-26 09:50:00 / Жамғарма янгиликлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари ва уларнинг ходимлари иштирокида “Коррупцияга қарши кураш – барчамизнинг бурчимиз” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Мазкур тадбирда Хоразм вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори О. Саидов ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори Т. Шамаковлар таклиф этилди.
Коррупция – жамият тараққиётига энг катта тўсиқлардан бири ҳисобланади. У адолат тамойилларини бузади, иқтисодий ривожланишни секинлаштиради ҳамда аҳолининг давлат ва қонунларга бўлган ишончини пасайтиради. Шу боис коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органларининг, балки ҳар бир фуқаронинг муҳим бурчидир.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда энг муҳим омиллардан бири – бу ҳалоллик ва виждонлиликдир. Ҳар бир инсон ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ноқонуний йўллардан воз кечса, жамиятда поклик муҳитини яратиш мумкин. Айниқса, ёшлар орасида ҳалоллик, адолат ва қонунга ҳурмат каби қадриятларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Таклиф этилганлар томонидан коррупция нима эканини тўғри англаб олиш зарурлиги, бундай иллат жамиятда тенгсизликни кучайтиради ва ҳалол меҳнат қилаётган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, юртимизда коррупцияни камайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, қонунчиликни такомиллаштириши, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, кўрсатилаётган давлат хизматларини рақамлаштириш — буларнинг барчаси коррупциянинг олдини олишга хизмат қилиши билдирилди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш – бу умумий вазифа. Ҳалоллик, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларига амал қилган ҳолда биз пок ва тараққий этган жамиятни барпо этишимиз мумкин. Ҳар биримиз ўзимиздан бошласак, албатта, ижобий натижаларга эришамиз. Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Шу ўринда, Пенсия жамғармаси Хоразм вилояти бошқармаси масъуллари коррупцияга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Пенсия жамғармасининг “12-71” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (62) 223-12-71 ишонч телефонлари доимий фаолият кўрсатаётганлигини эслатиб ўтади.




