Ўзбекистонда пенсия тизимини актуар баҳолаш учун халқаро грант ажратилади
2025-11-19 14:55:00 / Жамғарма янгиликлари
Ўзбекистонда пенсия тизимини молиявий барқарорлигини баҳолаш ва уни янада такомиллаштириш мақсадида халқаро ташкилотлар кўмагида актуар баҳолаш жараёни амалга оширилади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг кўмаги асосида БМТнинг Глобал акселератор ташаббуси ва Жаҳон Банкининг “Компас” дастури доирасида Ўзбекистон учун “Пенсия ва ижтимоий суғурта ислоҳотларини амалга ошириш ҳамда институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида грант ажратилaди.
Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарлигида, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки грант маблағлари ҳисобига 2 йил давомида амалга оширилади. Унда Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий таъминот тизимларини актуар баҳолаш моделидан фойдаланиш назарда тутилган.
Лойиҳа натижасида Ўзбекистонда пенсия тизимининг амалдаги қоидалари молиявий жиҳатдан қай даражада барқарор экани аниқланади. Шу орқали келгусидаги эҳтимолий молиявий таваккалчиликлар олдиндан баҳоланиб, тизимни янада самаралива адолатли қилиш бўйича илмий асосланган қарорлар қабул қилиниши мумкин бўлади.
Мазкур грант асосида амалга ошириладиган актуар баҳолаш пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлиги ва келажак авлодлар манфаатини таъминлашга хизмат қилади.
