Вазирлик тасарруфидаги ўқув муассасалари
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академиясини ташкил этиш тўғрисида” 1994 йил 2 сентябрдаги 447-сон қарори билан Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги олий ва ўрта махсус мактаблари негизида Ички ишлар вазирлиги Академияси ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси кундузги таълим шаклида (бундан буён Академия) ўқиш муддати 3 йил бўлиб, битирувчиларга бакалавр (юрист малакаси) даражаси ҳамда “лейтенант” махсус унвони берилади.
Академияда “Тезкор-қидирув фаолияти”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “Эксперт-криминалистика фаолияти”, “Жазони ижро этиш фаолияти”, “Пробация фаолияти”, “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш” ва “Ташкилий-штаб фаолияти” мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Қабул қилиш тартиби:
Академияга ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 958-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органлари амалдаги ходимларининг фарзандларига Академияга кириш учун курсантларни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли квота ажратилади.
Мамлакатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган, хизматдаги ҳарбий ва илмий фаолиятда маълум бир натижаларга эришган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, контракт бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун Академияга ўқишга қабул қилиш учун белгиланган умумий қабул сонидан (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари) беш фоизли квота, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг хизматдаги ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандлари учун икки фоизли квота ажратилади.
Божхона хизматига салмоқли ҳисса қўшган, хизмат жараёнида маълум бир натижаларга эришган божхона органларининг хизматдаги офицерлари ва сержантлар таркиби ходимлари фарзандлари учун Академияга кундузги таълим шаклига белгиланган умумий қабул сонидан икки фоизли квота ажратилади.
“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари аъзоларига Академияга кириш учун курсантларни қабул қилишнинг умумий сонидан икки фоизли квота ажратилади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсиясига асосан Академияга квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади. Бунда ўқишга қабул қилиш дастлабки ва касбий танлов натижаларига асосан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ҳар йили белгиланадиган квоталарга мувофиқ амалга оширилади.
Академияга ёши ўн еттидан кичик (қабул йилида ўн етти ёшга тўладиганлар) ва йигирма бешдан катта бўлмаган, шу жумладан, йигирма беш ёшдаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Бунда фақат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари ва ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек, профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари қабул квотасининг тўқсон фоизи бўйича қабул қилинади.
Академияга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом”да белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.
ИИВ Академияга ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
- дастлабки танлов;
- махсус касбий танлов;
- якка тартибдаги якуний суҳбат.
Номзодлар синовларни ўзбек ёки рус тилларидан бирини танлаган ҳолда топширадилар.
Академияга номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш учун Ички ишлар вазирлиги ва Академиянинг расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали танлов эълон қилинади. Унда ариза қабул қилинадиган манзил, танловни ўтказиш муддатлари ва жойи, ўқишга қабул қилиш шартлари ҳамда танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар акс эттирилади.
Дастлабки танлов:
- номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаш (оилавий аҳволи, ота-оналари ва яқин қариндошларининг ички ишлар органларидаги хизматга муносабати ва шу кабилар);
- номзоднинг соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқлилигини аниқлаш.
- вазирлик академик лицейлари битирувчилари ҳамда фуқаролар учун — уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида;
- ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун — (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш тадбирлари) уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида ва (тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари) ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида;
- ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун — уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда).
Академияга ўқишга кириш учун номзодларнинг аризалари қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан қабул йилининг 15 февралига қадар қабул қилинади.
Номзодлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида” 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон қарорига мувофиқ вазирлик ва ички ишлар органларида махсус ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.
Махсус касбий танлов:
- ҳужжатларни ўрганиш;
- тиббий кўрикдан ўтказиш;
- умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
- ёзма иш (баён ёки иншо);
- чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.
“Эксперт-криминалистика фаолияти” йўналиши бўйича махсус касбий танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:
- ҳужжатларни ўрганиш;
- тиббий кўрикдан ўтказиш;
- умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
- кимё ва физика (оғзаки);
-математика (тест) фанини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.
Ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини баҳолаш, “Эксперт-криминалистика фаолияти” йўналишида умумжисмоний тайёргарлик, математика, кимё ва физика фанлари бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган номзод Қабул комиссиясининг қарорига кўра якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилмайди.
Якка тартибдаги якуний суҳбат:
Якка тартибдаги якуний суҳбатнинг асосий мақсади ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи ва тарбия фанлари бўйича номзодларнинг билимларини ҳар томонлама ва холисона баҳолашдан иборат.
Якка тартибдаги якуний суҳбат Қабул комиссияси томонидан коллегиаллик принципи асосида ҳар бир фан бўйича камида бир нафардан малакали мутахассис жалб этилган ҳолда ўтказилади.
Номзодларга бериладиган саволлар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим фанларининг ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади.
Номзодларга бериладиган имтиёзлар
1) Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган номзодларга чет тили фанидан имтиҳонсиз белгиланган максимал балл берилади:
инглиз тили учун — миллий сертификат ёки Internаtiоnаl English Lаnguаge Testing System (IELTS 5,5), Test оf English аs а Fоreign Lаnguаge (TOEFL IBT 72), Cаmbridge Assessment English FCE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори;
япон тили учун — миллий сертификат ёки Jаpаnese Lаnguаge Prоficiency Test (JLPT № 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори;
немис тили учун — миллий сертификат ёки Gоethe-Zertifikаt, Deutsches Sprаchdiplоm (DSD), Test Deutsch аls Fremdsprаche (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори;
француз тили учун — миллий сертификат ёки Diplôme d’Etudes en Lаngue Frаnçаise (DELF), Test de Cоnnаissаnce du Frаnçаise (TCF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори;
бошқа хорижий тиллар учун — миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
2) Қуйидагилар ажратилган қабул квоталаридан ташқари дастлабки ва махсус касбий танловда ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини баҳолаш, “Эксперт-криминалистика фаолияти” йўналишида умумжисмоний тайёргарлик, математика, кимё ва физика фанлари бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кўп балл тўплаганда (кейинги ўринларда — муваффақиятли ўтгандан сўнг деб аталади) тегишли вазирликлар ва идораларнинг тавсияномалари (тақдимномалари) асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинадилар:
терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари;
ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажариш чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг офицерлари, контракт бўйича сержантлари ва оддий аскарларининг (Миллий гвардия ва божхона органлари ходимларининг) фарзандлари.
3) Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари ажратилган беш фоизли, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари ажратилган беш фоизли ва Миллий гвардия ҳамда божхона органлари ходимларининг фарзандлари ажратилган икки фоизли, профильактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ҳар йили белгиланадиган квоталар доирасида махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг вазирликлар ва идораларнинг тавсияномалари (тақдимномалари) асосида ўринлар махсус касбий танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, кетма-кетлик тартибида тақсимланган ҳолда ўқишга қабул қилинади.
Ажратилган квота ўринларига қабул қилинмаган номзодлар махсус касбий танлов натижалари бўйича тўплаган баллари билан умумий тартибда танловда иштирок этадилар.
4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, шунингдек, вазирлик академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиблари дастлабки ва махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига кўра, белгиланган қабул квоталари доирасида ўқишга якка тартибдаги якуний суҳбатсиз қабул қилинадилар.
Академияга ўқишга қабул қилиш
Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади.
Академияга ўқишга кирган номзодлар курсантлар сафига қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академик лицейлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарорига асосан Ички ишлар вазирлигининг 14 та академик лицейи ташкил этилди:
- ИИВнинг Қорақалпоқ академик лицейи (Нукус ш.);
- ИИВнинг Андижон академик лицейи (Андижон ш.);
- ИИВнинг Бухоро академик лицейи (Бухоро ш.);
- ИИВнинг Жиззах академик лицейи (Жиззах ш.);
- ИИВнинг Қашқадарё академик лицейи (Қарши ш.);
- ИИВнинг Навоий академик лицейи (Навоий ш.);
- ИИВнинг Наманган академик лицейи (Наманган ш.);
- ИИВнинг Самарқанд академик лицейи (Самарқанд ш.);
- ИИВнинг Сирдарё академик лицейи (Гулистон ш.);
- ИИВнинг Сурхондарё академик лицейи (Жарқўрғон т.);
- ИИВнинг 1-сон Тошкент академик лицейи (Тошкент ш.);
- ИИВнинг 2-сон Тошкент академик лицейи (Қибрай т.);
- ИИВнинг Фарғона академик лицейи (Фарғона ш.);
- ИИВнинг Хоразм академик лицейи (Урганч ш.).
Академик лицейларда асосий эътибор ўқувчиларни ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмаларга эга ақлан ва жисмонан етук этиб тарбиялашга ва Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига киришлари учун мақсадли чуқур тайёрлашга қаратилади.
Қабул қилиш тартиби:
ИИВ академик лицейларига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 сентябрдаги
767-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
ИИВ академик лицейларига умумтаълим муассасаларининг
9-синфини тамомлаганлиги тўғрисида шаҳодатномага эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, дастлабки, махсус-профессионал танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар ўқишга қабул қилинади.
Аризалар қабул йилининг 1 февралидан 15 апрелига қадар қабул қилинади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига ИИВ академик лицейларига кириш учун ўқувчиларни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли квота ажратилади.
ИИВ академик лицейларига ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- дастлабки танлов;
- махсус-профессионал танлов;
- тест синови.
Дастлабки танлов:
- ИИВ академик лицейларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш;
- якка тартибда дастлабки суҳбат ўтказиш;
- номзодларнинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш;
- тиббий комиссия кўригидан ўтказиш.
Номзодлар яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан ташкил этиладиган тиббий комиссия кўригидан ўтади.
Номзодларга қуйидаги ҳолларда рад жавоби берилади:
- номзод Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;
- номзод белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган бўлса;
- номзоднинг судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлик ҳолати олиб ташланмаган бўлса;
- номзодга нисбатан жиноят иши, суриштирув ва дастлабки тергов ишлари юритилганда, судда жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса;
- яшаш жойидан, ички ишлар бўлимларидан салбий тавсияномалар тақдим этилганда.
Махсус-профессионал танлов:
- номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш бўйича синов ўтказиш;
- номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов ўтказиш;
- якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш.
Номзодларнинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш учун ўтказиладиган синовда улардан ёзма иш (диктант) олинади.
Ёзма иш (диктант) ўтказиш тартиби, методикаси ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов қабул комиссияси томонидан тегишли мутахассислар жалб этилган ҳолда ўтказилади.
Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов ўтказиш тартиби, методикаси ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Якка тартибдаги якуний суҳбат қабул комиссияси томонидан номзоднинг республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини англаши, кенг дунёқарашга ва интеллектуал салоҳиятга эгалиги, етакчилик сифатлари ривожланганлиги, билими, ақлий қобилияти ва бошқа муҳим касбий фазилатларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Якка тартибдаги якуний суҳбатни ўтказиш тартиби, методикаси ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Номзодларнинг тест синовларини топширишга қўйиш масаласи махсус-профессионал танлов натижалари бўйича узил-кесил ҳал этилади.
Тест синовлари
Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.
Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Номзодлар тест синовларини ўзларининг танлови бўйича учта: давлат тили, рус тили ва қорақалпоқ тилининг бирида топширадилар.
Номзодларга бериладиган имтиёзлар
ИИВ академик лицейига Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ, дастлабки ва махсус-профессионал танлов натижаларига жавоб берадиган қуйидаги номзодлар тест синовларисиз имтиёз асосида қабул қилинади:
А) ихтисослик фанлари бўйича халқаро олимпиадаларда охирги уч йил (қабул йили ва ундан олдинги икки йил), республика фан олимпиадаларида охирги бир йил (қабул йили ва ундан олдинги йил), Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ўтказиладиган мусобақаларнинг республика босқичида охирги бир йил (қабул йили ва ундан олдинги йил) давомида ғолиб бўлган номзодлар;
Б) ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари.
В) терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари қабул квоталаридан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари ажратилган беш фоизли квоталар доирасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тақдимномаси асосида.
Ажратилган беш фоизли қабул квоталарига қабул қилинмаган номзодлар махсус-профессионал танлов натижалари бўйича тўплаган баллари билан умумий тартибда танловда иштирок этадилар.
Г) Ўзбекистон Республикаси ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг дастлабки танлов натижаларига жавоб берадиган битирувчилари доимий яшаш манзили бўйича махсус-профессионал танлов ва тест синовларисиз имтиёз асосида қабул қилинади.
Ички ишлар органлари амалдаги ходимларининг фарзандларини ажратилган беш фоизли квоталар доирасида ИИВ академик лицейига қабул қилишда ўринлар махсус-профессионал танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб кетма-кетлик тартибида тақсимланади.
Қабул қилиш тартиби
ИИВ академик лицейларига қабул Ички ишлар вазири томонидан ички ишлар органларининг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда белгиланадиган квоталар асосида амалга оширилади.
Номзодларни ИИВ академик лицейининг ўқувчилари сафига қабул қилиш тест синови натижаларига асосан амалга оширилади.
Бир нечта номзоднинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолатларда улар ИИВ академик лицейларига белгиланган квотадан ташқари қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги 459-сон “Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ички ишлар органларининг, биринчи навбатда хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, контузияси, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида ногиронликка учраган ёки вафот этган ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларига таълим ва тарбия бериш ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати (Тошкент шаҳри, Учтепа тумани) ташкил этилган.
Мактаб-интернати ўқувчилари белгиланган меъёрлар асосида озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, юмшоқ анжомлар ва бошқа зарур буюмлар билан таъминланади.
Қабул қилиш тартиби:
Ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ўқишга қабул қилиш тартиби Ички ишлар вазирининг 2018 йил 20 октябрдаги 286-сон буйруғи билан тасдиқланган (Адлия вазирлиги томонидан 3089-рақам билан рўйхатга олинган) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш учун танловлар ўтказиш ва уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Мактаб-интернатга ўқишга ҳар йили умумтаълим муассасаларида 4-синфни тамомлаган 100 нафар ўқувчи қабул қилиниб, ўқувчиларнинг 50 фоизи ички ишлар органлари ходимлари ва 50 фоизи бошқа фуқаролар фарзандлари (ўғил болалар) дан иборат бўлади.
Мактаб-интернатга ўқишга муносиб номзодларни танлаб олишни ташкил этиш учун ҳудудий ички ишлар бошқармалари ишчи гуруҳлари томонидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Тарғибот-ташвиқот ишлари умумий ўрта таълим муассасаларида, аҳоли турар жойларида ва ички ишлар органларида учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан танлов эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида берилади. Эълонда қабул қилиш шартлари ҳамда танловларни ўтказиш муддатлари кўрсатилиши лозим.
Фарзандлари мактаб-интернатга ўқишга кириш истагини билдирган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар доимий яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар бошқармаларига ариза билан мурожаат қилади.
Фарзандлари мактаб-интернатга ўқишга кириш истагини билдирган ходимлар бевосита ички ишлар органларининг раҳбарларига билдирги билан мурожаат қилади.
Аризалар қабул йилининг 15 апрелидан 1 июнь кунига қадар қабул қилинади.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳужжатлар йиғилгандан сўнг ўқувчилар 10 июндан 20 июнь кунига қадар ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасасида ташкил этилган тиббий комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади.
Тиббий кўрикдан ўтказишда ўқувчининг антропометрик кўрсаткичлари (тана вазни, бўйининг узунлиги ва кўкрак қафаси айланаси), функционал имкониятлари ва соғлиғидаги мавжуд нуқсонлари аниқланади.
Танлов қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш;
умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш;
якуний тест синовлари.
Ёзма иш (диктант) ўтказиш қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган методикага мувофиқ ўтказилади.
Ёзма иш (диктант) ўтказиш бўйича қабул комиссияси таркибига мактаб-интернат мутахассислари киритилади, шунингдек комиссия таркибига умумий ўрта таълим муассасаларининг мутахассислари келишув асосида таклиф қилиниши мумкин.
Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлиги даражасини баҳолаш қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган методикага мувофиқ ўтказилади.
Қабул комиссияси таркибидаги номзоднинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда қабул комиссияси таркибига мактаб-интернат ва ҳудудий ички ишлар органларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассислари киритилади. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидан келишув асосида мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
Қабул комиссияси томонидан ёзма иш (диктант) ҳамда умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш босқичларининг натижалари бўйича 6 баллдан кам тўплаган номзодлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларига киритилмайди.
Умумтаълим фанлари бўйича тест синовлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан келишилган муддатда қабул йилининг 15 августидан 25 август кунига қадар ўтказилади.
Номзодларни умумтаълим фанлари бўйича (она тили ва адабиёт ҳамда математика) билимини баҳолаш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари асосида ўтказилади.
Тест синовлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари доирасида ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида ўтказилади.
Номзодларга бериладиган имтиёзлар:
Жамоат тартибини сақлашда, жанговар ҳаракатларда, террорчиликка қарши операциялар ўтказишда, фавқулодда ҳолат тартибини ҳуқуқий таъминлаш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган вақтда ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари мактаб-интернатига ўқишга танловсиз қабул қилинади.
Шунингдек, ўқишга қўшимча квотага асосан (қабул квотасининг 5 фоизгача) ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларнинг хулқ-атвори, қобилияти ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда ҳудудий идоралараро комиссиянинг тавсия этган вояга етмаганлар Ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган тартибда танловсиз қабул қилинадилар.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ–4375-сон “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри) ташкил этилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ–4375-сон қарорига асосан Мудофаа вазирлиги Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Фарғона ш.), Давлат хавфсизлик хизмати Қибрай “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Қибрай т.), Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Тошкент ш.) ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Шаҳрисабз ш.) ташкил этилган.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб янги ташкил этилган Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига (кейинги ўринларда “Темурбеклар мактаби”) қабул ва ўқитиш бошланди.
“Темурбеклар мактаби”да ўқиш давомийлиги 2 йил бўлиб, ҳар бирига йиллик қабул квотаси 100 кишини ташкил этади.
“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига ўқувчиларни танлаш ва саралаш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
“Темурбеклар мактаби” битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда якка тартибдаги якуний суҳбат ёки Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.
Шунингдек, “Темурбеклар мактаби”ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга, таркибида “Темурбеклар мактаби” бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларсиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича кириш ҳуқуқи берилади.
Қабул қилиш тартиби:
“Темурбеклар мактаби”га жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўқишга қабул қилинади.
Танлов қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- Дастлабки танлаш;
- Ҳарбий-касбий танлов;
- Тест синовлари.
“Темурбеклар мактаби”га ўқишга ҳужжатларни расмийлаштириш масаласида номзодларнинг аризалари яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўлимларида ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелга қадар қабул қилинади.
Дастлабки танлов:
- номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;
- номзод тўғрисидаги турли маълумотларни (оилавий аҳволи, ота-онаси ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), номзоднинг «Темурбеклар мактаби»га ўқишга киришини танлашига асослар ва сабабларни аниқлаштириш;
- умумтаълим фанлари бўйича ўзлаштириши, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлик ҳолатини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;
- номзодларнинг шахсий-психологик хусусиятларини ўрганиш.
Қуйидагилар “Темурбеклар мактаби”га кириш учун рад жавобини берилишига асос бўлади:
- номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги;
- номзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётганлиги, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги;
- жазо чораси туридан ёки амнистия қарори қўлланилганлигидан қатъи назар содир этилган жиноят учун айблов ҳукми чиқарилганлиги;
- яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги.
Ҳарбий-касбий танлов:
- тақдим қилинган номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотларни ўрганиш;
- номзодларни якуний тиббий текширувдан ўтказиш;
- номзоднинг саводхонлик даражасини (орфография ва пунктуация) баҳолаш (диктант);
- номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш;
- номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш;
- номзод билан якка тартибда якуний суҳбат ўтказиш ва номзодларни тест синовларига қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилиш.
Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади.
Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрига кўра уч тилдан — ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топширадилар.
Тест топшириқлари умумий ўрта таълими фанлари (5 — 9 синфлари кесимида)нинг Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.
Номзодларга бериладиган имтиёзлар
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади:
А) халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари — белгиланган қабул квотаси доирасида;
Б) ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари — квотадан ташқари;
В) етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида — квотадан ташқари, белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;
Шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан “Темурбеклар мактаби”га кириш учун ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.
Ўқишга қабул қилиш
Номзодларни “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари сафига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра амалга оширилади.
Юқорида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлган номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан ўқишга қабул қилинади.
Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан ўтган номзодлар сони белгиланган қабул квоталаридан кам бўлган тақдирда тест синовлари ўтказилмайди ва номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қабул қилинади.
Бир нечта номзодларнинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолларда улар орасида биринчи блок фанидан тест натижалари юқори бўлган номзод қабул қилинади, шунда ҳам баҳолар тенг бўлиб қолган тақдирда, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномадаги математика, физика, она-тили ва адабиёт фанларидан олган якуний баҳолари йиғиндиси бошқаларникидан юқори бўлган номзод ўқишга қабул қилинади.
“Темурбеклар мактаби”ни тамомлагандан кейин битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади.