Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти халқаро волейбол мусобақаларига тайёргарлик жараёнлари билан танишди
2025-11-06 13:25:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда спортни, айниқса спортнинг волейбол турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги «Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 274-сонли қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги волейбол спортини кенг оммалаштириш, спортчиларни рағбатлантириш ҳамда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Шу маънода, волейбол бўйича жорий йилнинг ноябрь–декабрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган халқаро мусобақаларга Бухоро вилояти терма жамоаси аъзоларининг тайёргарлик жараёнлари ҳам қизғин давом этмоқда.
Терма жамоага саралаш ва ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Бухоро шаҳридаги «Универсал» спорт мажмуасида ўтказилаётган машғулотлар жараёнини бевосита кўздан кечирди.
У спортчилар, айниқса, ёшлар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг тайёргарлигини, руҳий ҳолатини ўрганиб чиқди.
Мулоқот давомида ёш волейболчиларга ўз устида мунтазам ишлаш, қатъият ва меҳнатсеварлик билан ҳаракат қилиш зарурлиги ҳақида ҳаётий ва мотивацион фикрлар билдириб, уларни юксак натижаларга интилишга ундади.
Ички ишлар органлари томонидан спорт соҳасига берилаётган бундай эътибор бежиз эмас. Чунки соғлом тан ва соғлом фикр — нафақат кучли спортчи, балки ватанпарвар, интизомли, масъулиятли шахсни тарбиялайди.
Шу боис, юртимизда волейбол мусобақалари мунтазам ўтказилиб, ёшлар ўртасида жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш, жамоавий руҳни кучайтириш ва соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









