Хизматларда. Ҳужжатда аниқлик — сафарда хотиржамлик
2025-11-05 23:00:00 / Янгиликлар

Каттақўрғон тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси катта инспектори, сержант Воҳид Бобоевнинг хизмат фаолияти инсон шахсини тасдиқловчи ҳужжат-паспорт, ID-карталар билан боғлиқ. Киши бу ҳужжатсиз кўплаб ишларни ҳал қила олмайди. Кредит ва бошқа молиявий ҳамда шартномавий ҳужжатлар буларсиз расмийлаштирилмайди.
Шу боис ҳужжатни расмийлаштириш жараёни электрон тизимлар орқали тез ва шаффоф тарзда амалга ошириляпти. Фуқароларни тизимдаги ўзгариш ва янгиликлардан ўз вақтида хабардор этиш мақсадида тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Баъзан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада йўл қўйилган хатоликни тузатиш, исм, шариф ёки фамилияни ўзгартириш, айрим фуқаролар томонидан «Паспорт ёки ID-картамни йўқотдим, янгисини беринглар», деган мазмундаги мурожаатлар ҳам бўлиб туради.
Шунда уларга бу жараёнлар бошқа тегишли идоралар билан биргаликда расмийлаштирилишини тушунтирамиз, ўзимизга тегишли қисмини дарров тайёрлаб берамиз, — дейди сержант В. Бобоев.
Гоҳида ўқишга ва ишлашга кетаётган айрим фуқароларимиз хорижий давлатларга чиқишда хорижга чиқиш паспорти ID-картасининг амал қилиш муддатига қарашмайди.
Натижада Ватанга қайтишида чегарада муаммо пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар бир фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига эътиборли бўлиши керак.
Негаки, ҳужжатда аниқлик бўлса, сафарда хотиржамлик бўлади.
©️ “Postda” газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
