Ёшлар-келажак бунёдкори. Халқаро ҳамкорлик — тажрибалар пойдевори
2025-11-03 00:10:00 / Янгиликлар

Катта лейтенант Аброржон Тошпўлатов 2019 йилда Тошкент халқаро Вестминстер университетини тамомлаган. Шунингдек, 2017 йил Лондон шаҳрида жойлашган «Burlington School» ўқув муассасасининг фахрий битирувчиси мақомини ҳам олган.
Қисқа муддат педагогик фаолият билан шуғулланган Аброржон 2022 йилдан ички ишлар органларида хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Дастлаб, вазирликнинг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси протокол бўлими катта инспектори, ўтган йилдан ҳозирги кунга қадар эса муҳим топшириқлар бўйича инспектор сифатида хизмат қилиб келмоқда.
- Аброржон юклатилган хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилади. Табиатан вазмин, камтар, қатъиятли ва ҳар қандай вазиятда мустақил қарор қабул қила олади. Хизмат фаолиятини қонунчиликка риоя қилган ҳолда ташкиллаштиради. Ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурмат ва обрў-эътиборга эга, — дейди бошқарма бошлиғи, подполковник Абдурашид Алишеров.
Ёш ходим Ички ишлар вазирлигининг хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Мазкур йўналишда ўнга яқин ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этган. Англашув меморандумлари, битимлар ҳамда қатор келишувларда унинг салмоқли ҳиссаси борлигини қайд этиш жоиз. Катта лейтенант Аброржон Тошпўлатов Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон Ислом Республикаси ва Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарларида бўлиб, хориж тажрибасини чуқур ўрганган. БАА Полиция академиясида ҳам малака оширган.
Интилувчан ходим спорт билан мунтазам равишда шуғулланиб, республика ва жаҳон миқёсида ўтказилган мусобақаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2015 йил Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида спортнинг Комбат Айкидо тури бўйича олтин, 2016 йил Россия Федерациясининг Оренбург шаҳрида ўтказилган Евросиё чемпионатида спортнинг К-1 тури бўйича бронза, 2018 йил Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида ММА бўйича профессионаллар ўртасида ўтказилган чемпионат ғолиби бўлган. Айнан ўша йили Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида спортнинг К-1 тури бўйича профессионаллар ўртасида олтин медални ҳам қўлга киритган.
Юртимиз ички ишлар органлари тизимини халқаро миқёсида янада ривожлантириш, хориж давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликлар ўрнатилишида жонбозлик кўрсатиб келаётган Аброржоннинг келгуси фаолиятида янгидан-янги зафарлар тилаб қоламиз!
Аброр ПОЁНОВ, ўз мухбиримиз.
