«Хавфсиз шаҳар» марказида Ички ишлар вазирининг ўринбосари З. Курбанов иштирокида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши ўтказилди
2025-10-29 01:20:00 / Янгиликлар

Йиғилишда ўтган давр мобайнида «Хавфсиз шаҳар» марказига келиб тушган расмий ҳужжатлар, Президент қарорлари, фармонлар, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик фармойишлари, шунингдек буйруқларнинг белгиланган тартибда назоратга олинганлиги, ижроси тўлиқ таъминланганлиги ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, давлат раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1-сон қарори ижроси доирасида республика бўйича «қизил» тоифадаги маҳалла ҳудудларига 23 747 та интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилганлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳозирда интеграция ишлари 60 фоизга етказилган бўлиб, барча ҳудудларда сервер қурилмалари ўрнатилди ва марказ фаолиятини узлуксиз таъминлаш учун замонавий Мониторинг маркази тўлиқ ишга туширилди. Бугунги кунда «Хавфсиз шаҳар» платформасига бир қатор вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари интеграция қилинган ва бу давлат органлари ўртасида маълумот алмашиш самарадорлигини кескин оширмоқда.
Йиғилишда соҳанинг ўтган 9 ойлик фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилиниб, амалга оширилган ислоҳотлар, рақамли трансформация жараёнлари ва хизмат самарадорлигини ошириш борасида эришилган ютуқлар муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича кўрсаткичлар, ҳудудий бошқармалар фаолияти ҳамда «Хавфсиз шаҳар» тизими доирасида бажарилган ишлар кўриб чиқилди.
Тармоқда носоз камералар сони ошиб бораётганлиги қаттиқ танқид қилинди. Шунингдек, ўрнатилган камераларни интеграциялаш ишларини жадаллаштириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.


